Олий ва профессионал таълим муассасаларида ўқиш учун тўланадиган контракт маблағларига оид солиқ имтиёзлари тартибига ўзгартириш киритилди. Солиқ қўмитасининг янги қарорига кўра, энди фуқаро ўзининг, фарзандининг ёки турмуш ўртоғининг таълими учун тўлаган маблағдан 12 фоизлик даромад солиғи ундирилмайди.
Аввал амалдаги тартибга кўра, бундай имтиёз фақат талаба 26 ёшга тўлмаган тақдирда қўлланиларди. Янги қоидага мувофиқ эса имтиёз ёшдан қатъи назар амал қилади. Бу эса ота-оналарга вояга етган фарзандининг ўқиши учун ҳам солиқ енгилликларидан фойдаланиш имконини беради.
Солиқ имтиёзи нафақат талабанинг ўзи тўлов қилганида, балки ота-онаси ёки турмуш ўртоғи контракт пулини тўлаганида ҳам амал қилади. Муҳими, таълим профессионал ёки олий бўлиши лозим.
Мутасаддилар мазкур ўзгариш таълим олиш имкониятларини кенгайтириши ва оилаларнинг молиявий юкини камайтиришига ишонч билдирмоқда.


