1-август куни Покистон пойтахти Исломобод шаҳрида Central Asia Tour – 2025 халқаро мотораллиси старт олди. 16 нафар сайёҳдан иборат гуруҳ “Исломобод–Пешовар” йўналиши бўйлаб сафарини бошлади. Дастурга кўра, иштирокчилар 23 кун давомида Покистон, Афғонистон, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудидан ўтувчи 5000 километрдан ортиқ масофани босиб ўтади. 14-август куни ралли қатнашчилари Тошкентга етиб келиб, Покистоннинг Ўзбекистондаги элчихонасида ўтказилган Покистон Миллий байрами тадбирида иштирок этишди.
Покистон 1947-йилнинг 14-августида мустақилликка эришган бўлиб, бу сана ҳар йили мамлакат бўйлаб ва хориждаги элчихоналарда Давлат байроғини тантанали кўтариш маросими билан бошланади. Анъанага кўра, бу йил ҳам асосий тадбир пойтахт Исломободда бўлиб ўтди. Президент ва бош вазир Парламент биноси олдида Миллий байроқни кўтариб, ҳукумат ютуқлари ҳамда келгуси режалар ҳақида маълумот беришди. Тошкентдаги маросимда ҳам президент ва бош вазирнинг табриги ўқиб эшиттирилди. Тадбирга Покистон Миллий Ассамблеяси аъзоси, Покистон–Ўзбекистон дўстлик жамияти раиси Сайед Рафийулла, Central Asia Tour – 2025 раҳбари Муҳаммад Мукаррам ва ралли иштирокчилари қатнашди.
Ралли раҳбари Муҳаммад Мукаррам сўзида Покистон ҳақида кўпчиликда нотўғри тасаввур мавжудлигини, аслида мамлакатда туризм салоҳияти жуда катта эканини таъкидлади. У Афғонистон орқали Ўзбекистонга бемалол келганликларини, йўллар хавфсизлигини айтди, Термиз, Самарқанд, Бухоро ва Тошкентда бўлиб, ўзбек халқиing бой маданияти ҳамда меҳмондўстлигидан чуқур таассурот олганини билдирди.
Central Asia Tour – 2025 Покистоннинг Ўзбекистон ва Тожикистондаги элчихоналари ҳамда Покистон туризмни ривожлантириш корпорацияси ҳамкорлигида ташкил этилган. Ташаббус минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш ва туризм имкониятларини кенг тарғиб этишга хизмат қилмоқда. Ралли қатнашчилари Ўзбекистоннинг бой маданияти, тарихи ва туризм салоҳияти ҳақида туркум видеоматериаллар тайёрлашни режалаштирган.


