Юнусов номидаги Ўсимлик моддалари кимёси институти олимлари томонидан Паркинсон касаллигини даволаш ва олдини олишга мўлжалланган инновацион дори воситаси ишлаб чиқилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Мазкур ихтиро IAP 8162 рақами остида давлат реестрига киритилган ва қонуний ҳимояга эга. Препарат табиий манбалардан олинган бўлиб, паст даражадаги ножўя таъсирлари билан ажралиб туради.
Препаратнинг асосий фаол моддаси – капер (Capparis spinosa) ўсимлигининг куртаклари ҳамда пишмаган меваларидан олинадиган экстракт ҳисобланади. У қуйидаги биологик фаол бирикмаларни ўз ичига олади:
полисахаридлар – 30–35 фоиз,
флавоноидлар – 5–10 фоиз,
сувда ерийдиган оқсиллар – 20–25 фоиз.
Маълумот учун, Паркинсон касаллиги марказий асаб тизимининг сурункали бузилиши бўлиб, титроқ, мушакларнинг қотиб қолиши ва ҳаракатланишнинг секинлашуви каби аломатлар билан кечади.
Адлия вазирлигининг таъкидлашича, саноатда қўллашга яроқли бўлган ҳар қандай янги техник ечим ихтиро сифатида рўйхатга олиниб, ҳуқуқий ҳимояга эга бўлади.


