Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 6 ноябрь куни Вашингтон шаҳрига амалий ташрифи доирасида “General Motors International” корпорациясининг глобал ижрочи директори Шилпан Аминни қабул қилди.
Учрашувда автомобиль саноати соҳасида узоқ муддатли стратегик ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. “General Motors International” компаниясининг Ўзбекистон автомобиль саноатини ривожлантириш, диверсификация қилиш ва маҳсулот сифатини оширишдаги муҳим ўрни алоҳида таъкидланди.
Сўнгги беш йил давомида корпорация иштирокида Ўзбекистонда 1,6 миллион дона автомобиль ишлаб чиқарилди. Бугунги кунда мамлакатимиз “Chevrolet” бренди учун АҚШдан кейинги энг йирик бозорга, шунингдек, Марказий Осиё ва МДҲ минтақаларида сотувлар бўйича етакчи ҳудудга айланган.
Суҳбат чоғида ишлаб чиқариш кооперациясини кенгайтириш, янги модел туркумларини жорий этиш ва маҳаллийлаштириш даражасини ошириш устувор вазифалар сифатида белгилаб олинди.
Бундан ташқари, замонавий машинасозлик учун зарур бўлган янги технологиялар ва хомашё базасини ривожлантириш бўйича қўшма лойиҳалар амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди.


