Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 9–10 октябрь кунлари Тожикистон Республикасига ташриф буюради.
Мазкур ташриф Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмоннинг таклифига биноан амалга оширилади.
Давлатимиз раҳбари Душанбе шаҳрида ўтадиган “Марказий Осиё – Россия” форматдаги иккинчи саммит ҳамда МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этади.
Тадбирлар кун тартибидан сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт, энергетика ва инфратузилма соҳаларида қўшма лойиҳаларни илгари суриш, шунингдек, маданий-гуманитар алмашинувни чуқурлаштириш масалалари ўрин олган.
Саммит доирасида халқаро кун тартибининг долзарб масалалари ва минтақавий хавфсизликни таъминлаш жиҳатлари ҳам муҳокама этилади.
Тадбирлар якунларида амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган бир қатор қўшма ҳужжатлар ва қарорлар қабул қилиниши режалаштирилган.


