Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Давлат экологик экспертизаси маркази ҳамда Беларус Республикаси Табиат ресурслари ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги ҳузуридаги Давлат экологик экспертизаси ва кадрлар тайёрлаш республика маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Ҳужжатнинг асосий мақсади — экологик экспертиза соҳасида илмий-амалий алоқаларни мустаҳкамлаш, мутахассисларнинг касбий салоҳиятини ошириш ҳамда барқарор ривожланиш йўналишида қўшма ташаббусларни амалга оширишдан иборат.
Музокаралар давомида томонлар экологик бошқарув тизимларини такомиллаштириш, рақамли ечимлар ва инновацион ёндашувларни жорий этиш, шунингдек, қўшма илмий тадқиқотларни олиб бориш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Давлат экологик экспертизаси маркази бош директори Ғайрат Муҳамедов таъкидлаганидек: “Бу меморандум шунчаки расмий ҳужжат эмас, балки узоқ муддатли мазмунли ҳамкорликнинг бошланишидир. Беларуслик ҳамкасбларнинг тажрибаси Ўзбекистонда амалга оширилаётган экологик ислоҳотларни янада самарали қилишга хизмат қилади”.
Меморандумда ҳамкорликнинг тенглик, ўзаро манфаат, билим ва тажриба алмашиш тамойиллари белгиланган. Шунингдек, қўшма семинар ва конференциялар ўтказиш, малака ошириш дастурлари ташкил этиш, ҳамкорликда экологик экспертизага оид рақамли ечимларни ривожлантириш режалаштирилган.
Ҳужжат қўшимча молиявий мажбуриятларни назарда тутмайди, беш йил давомида амал қилади ва муддати автоматик тарзда узайтилади. Меморандум Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги экологик ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқади.


