Ўзбекистон Киберхавфсизлик маркази аҳолига янги турдаги онлайн фирибгарлик схемалари ҳақида огоҳлантириш берди. Сўнгги вақтларда айрим шахслар Telegram мессенжерида “паст фоизли кредит олиш” ни ваъда қилувчи ботлар орқали фуқароларни алдашга уринаётгани аниқланган.
Мазкур схема доирасида фирибгарлар паспорт маълумотлари, банк карталари реквизитлари ва кредит шартларига оид маълумотларни сўрайди. Кейинчалик, жабрланувчига “кредит тасдиқланган” деган кўринишда сохта хабар юборилиб, махсус картга “комиссия тўлови”ни ўтказиш талаби қўйилади. Шахсий маълумотларни қўлга киритган фирибгарлар эса фуқаронинг ҳисобларига кириш имкониятига эга бўлишади.
Мутаҳассислар бундай ҳужжатлар ҳуқуқий кучга эга эмаслигини, улар расмий молия институтлари билан алоқадор эмаслигини алоҳида таъкидлашмоқда.


