Саудия Арабистонидаги хорижий фуқароларни вақтинча сақлаш марказида бўлган Ўзбекистон фуқароси ватанга қайтарилди. “Дунё” агентлиги хабарига кўра, фуқаро Н.Ҳ. 25 июн куни Баҳрайндан туристик виза билан Ар-Риёз шаҳрига борган, 8 июл куни эса “Ал-Масиф” департаменти томонидан қўлга олинган.
Ўзбекистон элчихонаси томонидан олиб борилган музокаралар натижасида уни ватанга қайтариш бўйича келишувга эришилган. Шунингдек, хорижга чиқиш паспортини йўқотгани сабабли, унга қайтиш гувоҳномаси расмийлаштириб берилган. Унинг авиячипта харажатлари тўлиқ Саудия Арабистони томонидан қоплаб берилди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистонда 30 июлдан 30 августгача давом этаётган “Ватанга қайтариш” хайрия гуманитар акцияси доирасида чет элда қийин шароитга тушиб қолган ватандошларни уйга қайтариш ишлари олиб борилмоқда. Шу вақтгача Саудия Арабистонида оилавий зўравонлик қурбони бўлган яна бир фуқаро ҳам ватанга қайтарилган эди.
Мазкур акция орқали Туркия, Россия, Қозоғистон, БАА, Саудия Арабистони, Ҳиндистон, АҚШ ва Кореядаги депортация марказларида бўлган ўзбекистонликлар босқичма-босқич қайтарилмоқда. Қайтган фуқароларни жамиятга мослаштириш мақсадида уларга давлат томонидан субсидиялар, имтиёзли кредитлар ва бандлик дастурлари орқали ёрдам кўрсатилаётгани таъкидланди.


