“Ўзбекистондаги Президентлик сайловларининг адолатли ўтиши МДҲ учун ҳам жуда муҳим” — Сергей Лебедев
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижроия қўмитаси раиси— Ижрочи котиби Сергей Лебедев мамлакатимизда 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган сайловларни кузатиш мақсадида Ўзбекистонга келди. У МДҲ Ижроия қўмитаси кузатувчилари миссиясига раҳбарлик қилмоқда.

Бугун, 21 октябрь куни Марказий сайлов комиссияси Раиси Зайниддин Низамходжаевнинг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев билан учрашуви бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон сайлов қонунчилигидаги янгиликлар, Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш доирасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берилди. Сайлов кампанияси тадбирлари Сайлов кодекси талаблари ва демократик принципларга мувофиқ амалга оширилаётгани таъкидланди.
Қайд этиш жоиз, МДҲ Ижроия қўмитаси халқаро кузатувни ташкил қилишда катта тажриба, шунингдек, сайловларни кузатиш бўйича ривожланган ҳуқуқий базага эга.

— Биз Ўзбекистоннинг деярли барча вилоятларида сайловларнинг қандай ўтишини қузатмоқчимиз, — дейди МДҲ Ижроия қўмитаси раиси Сергей Лебедев. — Миссиямиз вакиллари аллақачон баъзи туманларда бўлди. Участкалардаги вазиятни ўрганди. Ўзбекистондаги Президентлик сайловлари адолатли ўтиши нафақат Ўзбекистон, балки бутун Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги учун жуда муҳим. Ўзбекистон қардош мамлакат, қардош халқ бўлгани учун, бизни сайлов қандай ўтказилиши қизиқтирмайди. Балки биз ҳаммамиз сайловнинг йуқори савияда ўтиб, Ўзбекистон халқи муносиб раҳбарни танлаши тарафдоримиз.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси таклифига биноан МДҲ Ижроия қўмитаси кузатувчилари миссияси 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини кузатиб боради. Миссия Ўзбекистонга ташрифи мобайнида республикамизнинг бир қатор сайлов участкаларида бўлиб, сайловлар юзасидан ўзининг тегишли хулосалари ва тавсияларини беришни режалаштирган.

Маълумот учун: МДҲга аъзо 7 та давлатдан Ўзбекистондаги Президент сайловини ёритиш мақсадида 162 нафар ОАВ вакиллари аккредитациядан ўтди.
Эслатиб ўтамиз, кеча. 20 октябрь куни МСК раиси Туркия Олий сайлов кенгаши вакиллари билан учрашганди.
Аввалроқ ИҲТ кузатувчилар миссияси Ўзбекистонга келгани ҳамда aфғонистонлик кузатувчининг сайловга оид фикрлари тўғрисида хабар берилганди.
Баҳринисо Мадумарова







