Агар Тайвань масаласи кескинлашса, АҚШнинг Украинага эътибори сусаяди. Бу ҳақда Politico газетаси маълум қилди.
“Энг ёмон ҳолатда АҚШ Украинадан юз ўгиради ва Хитой билан кескинликка эътибор қаратади”, – деган нашр билан суҳбатлашган европалик дипломатлардан бири.
Шу билан бирга у НАТОда ҳозирча Тайвань масаласида катта хавотир йўқлигини таъкидлаган. Аммо Европа пойтахтларида Пекин ва Вашингтоннинг ушбу масаладаги “сўз ўйинлари” диққат билан кузатиб борилмоқда.
1 август куни АҚШ Конгресси вакиллар палатаси спикери Нэнси Пэлоси Осиё бўйлаб сафарини бошлади. Унинг Тайванга эҳтимолий ташрифи Хитойнинг кескин норозилигига сабаб бўлмоқда. Хусусан, Си Цзиньпин Жозеф Байден билан телефон мулоқоти чоғида "олов билан ўйнашмаслик"ни маслаҳат берганди. Бундан ташқари, Хитой денгиз кучлари Тайвань яқинида йирик машғулотлар бошлагани тўғрисида хабар берилганди.
Аввалроқ Пентагон Пэлосининг Тайванга эҳтимолий ташрифига тайёргарлик кўраётгани тўғрисидаги маълумотлар очиқланганди.


