Президент Шавкат Мирзиёев педагогларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги ташаббусларни маълум қилди. 2026 йилдан бошлаб камида 15 йил стажга эга бўлган олий тоифали педагогларга ипотека кредити бошланғич бадалининг 25 фоизи давлат томонидан қоплаб берилади. Шунингдек, педагогларнинг фарзандлари давлат олийгоҳларига ўқишга кирганда контракт тўловига 30 фоизлик чегирма қўлланади.
Ўқитувчилар замонавий таълим технологияларидан фойдаланиши учун 10 миллион сўмгача имтиёзли кредит асосида компьютер харид қилиш имконияти яратилади. Келаси йилдан педагоглар учун давлат хизматлари тўловлари икки баробар камайтирилади. Бошланғич таълим ўқитувчилари учун миллий сертификат тизими йўлга қўйилиб, сертификат олганларга ойлик маошига 15 фоиз устама белгиланади.
Таълим соҳасида малака ошириш ҳам рағбатлантирилмоқда. Бакалавр босқичини имтиёзли диплом билан тамомлаб, мактабда фаолият бошлаганларга автоматик тарзда 2-малака тоифаси, магистрларга эса 1-малака тоифаси берилади. Шу билан бирга, дунёнинг топ-300 талик олийгоҳларига қабул қилинган педагогларга 20 минг долларгача имтиёзли таълим кредити ажратилади.
Педагогларнинг ижтимоий ҳаётини янада енгиллаштириш мақсадида транспорт имтиёзлари ҳам тақдим этилади. Рейтингда юқори ўринларни эгаллаган мактаб, боғча, техникум ва олийгоҳ ўқитувчилари йилига бир марта мамлакат бўйлаб саёҳат қилиши учун самолёт ва поезд чипталарига 15–20 фоизлик чегирмалардан фойдаланади.


