Сурхондарё вилоятида Давлат кадастрлари палатаси Жарқўрғон тумани филиали ходими пора олаётган вақтда қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ИИББ Ер ресурслари талон-торож қилинишига қарши курашиш бўлинмаси хабар берди.
Маълум қилинишича, фуқаролардан бири ариза билан мурожаат қилганидан сўнг, прокуратура ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Унда кадастр ходими Ў.Б. фуқаро Б.Р. билан тил бириктириб, Жарқўрғон туманидаги “Исмоилтепа” маҳалласидан давлат захирасида бўлган 40 сотих ер майдонини 200 млн сўмга сотмоқчи бўлган.
Шунингдек, улар 4 млн сўм эвазига ерга тегишли кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб беришни ваъда қилган. Кадастр ходими 204 млн сўмни олган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а, в” бандлари билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


