15 октябрь куни Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шараъа расмий ташриф билан Москвага келди. Бу унинг Сурия раҳбари сифатидаги Россияга илк ташрифи бўлди. Кремлда бўлиб ўтган музокараларда Россия президенти Владимир Путин билан икки ярим соат давом этган ёпиқ учрашув ўтказилди.
Расмий манбаларга кўра, учрашувда Россия президенти маслаҳатчилари, мудофаа вазири Андрей Белоусов ҳамда ҳарбий разведка раҳбари Игор Костюков иштирок этган. Кремлдан берилган қисқа маълумотда суҳбат тафсилотлари ошкор этилмади.
Путин музокаралар аввалида Россиянинг Сурия билан алоқалари “сиёсий вазият ёки конъюнктура билан эмас, балки Сурия халқи манфаатлари билан боғлиқ” эканини таъкидлади. У Москва доимо Дамашқ суверенитетини қўллаб-қувватлаш тамойили асосида ёндашганини билдирди.
Президент Аҳмад аш-Шараъа эса Сурия ва Россия ўртасидаги “кўп йиллик тарихий алоқалар”ни қайд этиб, янги даврда ушбу муносабатларни янгича босқичда давом эттириш истагини билдирди. “Дунё бугун янги Сурия билан танишмоқда”, деди у.
Ташрифдан аввал айрим халқаро манбалар музокараларда Россиянинг Суриядаги ҳарбий базалари тақдири, шунингдек, собиқ президент Башар Асаднинг экстрадицияси масаласи муҳокама қилиниши мумкинлигини хабар қилганди.
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков “авиабаза мавзуси албатта муҳокама марказида бўлиши мумкин”, дея билдирган. Reuters’нинг ёзишича, аш-Шараъа Россиядан иқтисодий ёрдам, жумладан, қулай шартларда буғдой етказиб беришни тиклаш ҳамда урушдан кўрилган зарарларни қоплашга кўмак сўрашни режалаштирган.
Манбаларга кўра, Сурия раҳбари, шунингдек, Исроилнинг жанубий Сурия ҳудудида қуролсизлантирилган зона ташкил этиш ташаббусларига қарши туриш мақсадида Россия ҳарбий полициясини қайта жойлаштириш масаласини ҳам кўтарган бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, собиқ президент Башар Асад мамлакатни тарк этганидан сўнг Россияда сиёсий бошпана олган. Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бу қарор Асад ҳаёти хавф остида қолганидан кейин қабул қилинганини маълум қилган эди.
Аҳмад аш-Шараъа эса аввалроқ Россия билан муносабатлар узилмаслигини, аксинча, ҳамкорликни янги йўналишларда давом эттириш тарафдори эканини билдирган.


