Ўзбекистон Президентининг 2025 йил 12 августдаги “Қишлоқ хўжалиги соҳасига замонавий технологияларни жорий этишни янада жадаллаштириш орқали самарадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–130-сонли фармони қабул қилинди. Ушбу фармон қишлоқ хўжалиги жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш ва бошқарувни оптималлаштиришга қаратилган.
Фармоннинг асосий мақсадларига кўра, 4 миллион гектардан ортиқ ер майдонларида экинларни экиш ва суғориш жараёнларини рақамлаштириш, шунингдек, соҳада жорий этилган 30 дан ортиқ ахборот тизимларини ягона интеграцион платформа орқали бирлаштириш режалаштирилган. Бу эса маълумотларнинг аниқ ва ишончли бўлишини ҳамда фойдаланувчилар учун қулайлик яратишни таъминлайди.
2026 йил ҳосилидан бошлаб барча қишлоқ хўжалиги ташкилотлари ўзларига тегишли ер участкаларига экиш режалаштирилган экинлар тўғрисидаги маълумотларни “Рақамли қишлоқ хўжалиги” ягона интеграцион платформаси — Агропорталга мустақил равишда жойлаштириб боради. Ушбу портал маҳсулот етиштирувчилар, ишлаб чиқарувчилар ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар учун ягона хизмат нуқтаси сифатида хизмат қилади.
Фармонга мувофиқ, қишлоқ хўжалиги жараёнларида дронлар, робототехника ва бошқа замонавий қурилмалардан кенг фойдаланиш йўлга қўйилади. Дрон хизматларидан фойдаланиш учун Агропортал орқали ариза топшириш, шартномаларни расмийлаштириш ва тўловларни амалга ошириш имконияти яратилади. Улар ёрдамида 30 метр баландликкача бўлган учиш ҳудудлари ваколатли идоралар билан келишилган ҳолда рухсатномалар асосида назорат қилинади.
Бундан ташқари, Агропортал орқали янги хизматлар ҳам йўлга қўйилади. 2025 йил 1 декабрдан бошлаб ерларни иккиламчи ижарага бериш, ижара шартномасини тузиш ва давлат рўйхатидан ўтказиш имконияти яратилади. 2026 йил 1 мартдан эса қишлоқ хўжалиги ерларининг тоифасини ўзгартириш бўйича аризалар юбориш, уларнинг ҳолатини онлайн кузатиб бориш ва натижаларни олиш имконияти йўлга қўйилади.


