Самарқанд шаҳридаги “Хушрав” қўрғони “Наврўз” МФЙда жойлашган 15 гектар ер майдонида чиқинди ва қоқни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқариладиган заводнинг қурилиш жараёнлари қизғин олиб борилмоқда. Бу ҳақда Zamon.uz мухбири хабар бермоқда.
Маълумот учун, чиқинди ва қоқни қайта ишлаш ва улардан энергия манбаи олишга асосланган замонавий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича Экология вазирлиги ҳузуридаги Чиқинди бошқариш ва сirkulyar иқтисодийotni ривожлантириш агентлиги ҳамда Хитой Халқ Республикасининг етакчи компаниялари ўртасида битимлар имзоланган эди. Унда чиқинди ва қоқни термик қайта ишлаш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш лойиҳаси Самарқанд ва яна 5 вилоятида босқичма-босқич татбиқ этилиши назарда тутилган.
Таъкидлаш жоизки, жорий йил 24 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қаттиқ маиший чиқинди ва қоқни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 116 ва 118-сон қарори қабул қилинган эди. Унга кўра, ҳудудда экологик вазиятни яхшилаш, чиқинди ва қоқни қайта ишлаш соҳасига замонавий ечимлар ва технологияларни жорий этиш орқали электр энергияси ишлаб чиқарилади ҳамда соҳага тўғридан-тўғри инвестиция жалб этилади.
Аввалроқ давлатимиз раҳбари ушбу лойиҳалар билан яқиндан танишгани ҳамда юртимизда маиший чиқинди ва қоқни ёқиш орқали электр энергияси ва маҳсулот ишлаб чиқарадиган 8 та завод қурилиши ҳақида хабар берган эдик.
Самарқанд вилоятидаги лойиҳада “Shanghai SUS Environment” LLC компанияси томонидан умумий қиймати 150 млн АҚШ доллари миқдорида инвестиция жалб қилинган. Кунига 1,5 минг тонна чиқинди қайта ишланиб, йилга жами 240 млн кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Унда 150–200 та янги иш ўрни яратилади.
Қолаверса, электр энергиясини сотиб олиш ва қаттиқ маиший чиқинди етказиб бериш тўғрисидаги битимларга мувофиқ, компаниялар ишлаб чиқарган электр энергиясини 30 йил давомида “Ўзэнергосотиш” АЖга кафолатланган тарзда сотади.
Мазкур ташаббуслар “яшил иқтисодиёт” тамойилларига мос келиб, Ўзбекистоннинг экологик барқарорлигини таъминлашга ҳамда келажак авлод учун тоза ва соғлом муҳит яратиши билан аҳамиятлидир.


