Давлат хавфсизлик хизмати Фарғона вилояти бошқармасининг Қўқон шаҳар бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида 2003 йилда туғилган маҳаллий фуқаро қалбаки пулни муомалага киритиш билан шуғулланаётгани аниқланган. Тадбир Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қўқон шаҳар бўлими билан ҳамкорликда олиб борилган.
Тезкор тадбир чоғида шахс 50 миллион сўмлик қалбаки купюрани “шартли харидор”га 8 миллион сўм ҳақиқий пул эвазига сотаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Кейинги қидирув ишлари давомида унинг яшаш уйи ҳам кўздан кечирилди. Натижада 50, 100 ва 200 минг сўмлик жами 315,5 миллион сўмлик қалбаки купюралар, шунингдек, 100 долларлик жами 120 минг АҚШ доллари миқдоридаги қалбаки пуллар топилиб, қонуний тартибда мусодара қилинди.
Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Қалбаки пул маблағларини етказиб берган бошқа шахсларни аниқлаш бўйича тергов-тезкор тадбирлар олиб борилмоқда.


