Қозоғистон Мусулмонлари диний бошқармаси (ҚМДБ) 2026 йил учун муҳим диний саналар тақвимини эълон қилди. Унга кўра, муқаддас Рамазон ойи 19 февраль куни бошланиши кутилмоқда.
Рамазон — мусулмонлар учун руҳий покланиш, рўза тутиш, ибодат ва хайр-эҳсонларга алоҳида эътибор қаратиладиган ой бўлиб, қамарий тақвим асосида 29–30 кун давом этади. 2026 йилда Рамазон ойининг якуни 20 мартдаги Рамазон ҳайити билан нишонланади.
Тақвимда қуйидаги саналар белгиланган:
- Қадр кечаси — 16–17 март оралиғида;
- Рамазон ҳайити — 20 март;
- Қурбон ҳайити — 29 май
ҚМДБ мазкур саналар халқаро астрономик марказлар ҳисоб-китобларига таянган ҳолда белгиланганини, бироқ янги ой кўринишига қараб ўзгариш эҳтимоли мавжудлигини маълум қилди.
Ўзбекистонда эса Рамазон ва диний байрамлар санаси Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ой чиқиши (ҳилол кузатуви) асосида аниқланади. Шунинг учун Қозоғистон эълон қилган саналар ўзбек тақвимидан фарқ қилиши мумкин.


