Қозоғистоннинг Туркистон вилояти тоғли ҳудудида ўзбекистонлик ёш эркак фожиали ҳалокатга учради.
Фавқулодда вазиятлар хизматининг маълум қилишича, 31 август куни Чимкент шаҳридан тоғларга сайоҳатга чиққан икки йигитдан бирининг дарага қулаши оқибатида у оғир жароҳатлар олиб, воқеа жойида вафот этган. Иккинчи иштирокчи эса қутқариб қолинган.
Бедарак йўқолиш тўғрисидаги хабар 1 сентябрь куни келиб тушганидан сўнг дарҳол қидирув-қутқарув ишлари бошланиб, Сайрамсу чўққиси атрофида – денгиз сатҳидан 2200 метр баландликдаги мураккаб релефли ҳудудда махсус операция олиб борилган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари сайёҳлардан бири билан алоқа ўрнатган ва ундан ўзбекистонлик шеригининг ҳалок бўлгани ҳақида маълумот олинган. Вертолёт баланд тоғли жойга яқинлаша олмагани боис, 18 нафар қутқарувчи пиёда юриб, профессионал алпинистлар ёрдамида эвакуация ишларини амалга оширган.
Натижада омон қолган фуқаро хавфсиз ҳудудга туширилган, марҳумнинг жасади эса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширилган.


