Россия армияси Харков вилоятига ҳужумни кучайтирмоқда
Оскол дарёсининг ғарбий соҳилида Украина олти қишлоқни бой берган.

Россия армияси Харков вилоятидаги Оскол дарёсидан ўтиб, ҳужум ҳаракатларини кенгайтирмоқда. Маълумотларга кўра, рус қўшинларининг алоҳида отрядлари 2024 йил декабрида дарёнинг ғарбий қирғоғига ўтган. Ҳозирда эса бу ерда кенглиги 34 км, чуқурлиги 4 км бўлган плацдарм шаклланган.
Россия кучлари Украина Қуролли Кучлари (УҚК) сафидаги пиёда аскарлар етишмовчилигидан фойдаланиб, босқинчилик ҳаракатларини давом эттирмоқда. Оскол дарёсининг ғарбий соҳилида Украина олти қишлоқни бой бергани маълум қилинди.
9 апрель куни Украина ҳарбий каналлари россиялик аскарларнинг Каменка қишлоғига қилган ҳужумларини акс эттирувчи видеоларни эълон қилди. Кадрлардан кўринишича, Россия ҳарбий техникаси ушбу йўналишга фаол тарзда йўналтирилмоқда, бу эса УҚК учун вазиятни янада мураккаблаштирмоқда.
Ҳарбий шарҳловчи Юлиан Репке фикрича, Россия яқин вақт ичида Купянск йўналишида босимни ошириши, узоқ муддатда эса Харков шаҳрига ҳужум қилиш учун Оскол дарёсининг ғарбий қирғоғидан фойдаланиши мумкин.







