Россия мусулмонлари диний бошқармаси ҳузуридаги Уламолар кенгаши мусулмон курьерларининг меҳнат фаолиятига доир янги диний фатвони эълон қилди. Ушбу ҳужжат мусулмонлар томонидан етказиб берилиши мумкин бўлган маҳсулотлар турларини аниқ белгилаб, ҳалол ва ноҳалол товарларни ташиш борасида қатъий мезонлар ўрнатади.
Фатвога кўра, рухсат этилган (ҳалол) товарлар қаторига қонуний тартибда сўйилган ҳайвонларнинг гўшти, дон маҳсулотлари, сут, сариёғ, мевa-сабзавотлар киради. Шунингдек, кийим-кечак, мебел, идиш-товоқ, дори воситалари, электроника, офис анжомлари каби ноозиқ-овқат туридаги товарларни ташиш ҳам ҳалол ҳисобланади.
Тақиқланган маҳсулотлар сифатида эса алкоголли ичимликлар, қимор ўйинларига оид жиҳозлар, бут ва бутпарастлик атрибутлари, чўчқа гўшти ёки диний талабга зид тарзда сўйилган ҳайвон маҳсулотлари кўрсатиб ўтилган.
Шу билан бирга, фатвода айрим истиcнолар ҳам назарда тутилган. Жумладан, агар курьер тақиқланган маҳсулотларни утилизация (йўқ қилиш) мақсадида ташиётган бўлса, бу ҳолат ман этилмайди. Шунингдек, рухсат этилган товарлар улуши устун бўлган аралаш юкларни етказиб бериш хайрия қилиш шарти билан жоиз деб топилган.
Уламолар кенгаши даромад манбаи ҳалоллигига шубҳа туғилган ҳолларда уни хайрия йўли билан поклаш мумкинлигини ҳам эслатиб ўтган.
Мазкур қарор мусулмон курьерлар меҳнатини диний меъёрларга мувофиқлаштириш, ҳалол меҳнат тамойилларини кенг тарғиб қилишга хизмат қилади.


