АҚШ президенти Дональд Трамп ва Исроил бош вазири Биньямин Нетаняҳу телефон орқали суҳбатлашди. Бу ҳақида The Times of Israel нашри хабар берди.
Исроил бош вазири идорасининг маълум қилишича, суҳбат давомида Нетаняҳу Трампни Исроил парламенти — Кнессетда нутқ сўзлашга таклиф қилган.
Расмий баёнотда таъкидланишича, икки раҳбар “жуда илиқ ва ҳиссиётли” мулоқот ўтказган ҳамда бир-бирларини “барча асирларни озод этиш бўйича тарихий келишув” имзолангани билан табриклашган.
Нетаняҳу суҳбат чоғида Трампга Исроилга кўрсатган қўллаб-қувватлови ва глобал етакчилиги учун миннатдорлик билдирган. Трамп эса ўз навбатида Нетаняҳуни унинг қатъий сиёсати ва амалга оширган чоралари учун мақтаган.
Бош вазир Нетаняҳу ҲАМАС билан тузилган келишувни “дипломатик муваффақият ва Исроилнинг миллий ғалабаси” деб атаган.


