Саида Мирзиёева ЮНEСКО бош қароргоҳига борди
У ерда ўзбек миллий симфоник оркестри ўз маҳоратини намойиш этди.

“ЮНEСКО Бош конференциясининг Самарқандда бўлиб ўтадиган 43-сессияси арафасида, биз юртимизнинг мусиқаси, ижод олами, ноёб овозлари ҳамда баҳор нафасини дунё билан баҳам кўришда давом этяпмиз!
Бу — ўзи учун Ўзбекистонни кашф қилаётган инсонлар қалбига элтувчи энг қисқа йўл, мамлакатимиз тарғиботини илгари сурувчи маданий дипломатия воситасидир. Биз ҳар куни шу эзгу мақсад йўлида ҳаракат қиляпмиз, жаҳонга энг гўзал қирраларимизни намойиш этмоқдамиз.
Апрель ойининг илк кунида ЮНEСКО бош қароргоҳида Ўзбекистон Миллий симфоник оркестри ўз маҳоратини намойиш этди. Оркестр ижросида Шарқнинг буюк шоирлари — Навоий, Бобур, Умар Хайём ва Нодира асарлари асосида яратилган мусиқий тароналар тақдим этилди.
Алибек Кабдураҳмонов ва Рихтер Трио бошчилигида Парижда “The Sands of Time” (“Вақт қумлари”) концерти бўлиб ўтди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Нодира Пирматова ва Ғуломжон Муҳаммаджонов юртимиз тарихи ва маданий меросини саҳнада ўзига хос тарзда жонлантириб, томошабинларга анъанавий мусиқий маданиятнинг янгича, муаллифлик талқинини намойиш этдилар”, деб ёзади Президент ёрдамчиси.







