Самарқанд UNWTO Бош Ассамблеясини ўтказиш учун номзод сифатида кўрсатилди
Сессия доирасида Мадрид шаҳрида Ўзбекистон делегация томонидан "Ўзбекистон маданияти билан танишиш" расмий қабули ташкил этилади.

Ўзбекистон 1993 йилдан буён UNWTOнинг тўлақонли аъзоси бўлиб, 1994 йилда Буюк ипак йўли бўйлаб туризмни ривожлантириш халқаро лойиҳасида иштирок этувчи давлатларнинг Самарқанд декларацияси қабул қилинган эди. 2011 йилда эса Ўзбекистон БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгаши аъзоси этиб сайланди.
2020 йил июнь ойида Ўзбекистон 2023 йилда Самарқанд шаҳрида UNWTO Бош Ассамблеясини ўтказиш учун ариза топширган. Жорий йил 30 ноябрь – 3 декабрь кунлари Мадрид шаҳрида бўлиб ўтадиган UNWTO Бош Ассамблеянинг 24-сессияси ўтказилади. Унда Ўзбекистон делегацияси қатнашади.
Қайд этилишича, мазкур сессияда 2023 йилда UNWTO Бош Ассамблеясининг 25-сессияси ўтказиладиган шаҳар номи ҳам танланади.
Таъкидланишича, тадбирда UNWTO Бош Ассамблеясининг 24-сессияси меҳмонлари ва иштирокчилари Ўзбекистоннинг халқ амалий санъати маҳсулотлари билан танишишлари, миллий таомлардан татиб кўришлари, ҳамда миллий фольклор жамоаларининг чиқишларини томоша қилишлари мумкин бўлади.
Аввалроқ Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти Бельгия жамоатчилиги диққат марказида бўлгани, Ўзбекистонда барча турдаги меҳмонхоналарга сертификат бериш муддати 15 кунга қисқаргани ҳамда Қўқон Туркий кенгашнинг илк туризм пойтахти деб эълон қилингани ҳақида хабар берилганди.







