Самарқанд шаҳрида Италиянинг Тушиа университети филиали очилиши режалаштирилмоқда. Расмий очилиш маросими жорий йилнинг 30 сентябрь куни бўлиб ўтади, ўқув жараёни эса 2026 йил январидан бошланади.
Бу ҳақда Ўзбекистон элчиси Абат Файзуллаев ва Тушиа университети ректори Стефано Убертини учрашуви чоғида маълум қилинди. Ректорнинг таъкидлашича, бу — университетнинг хориждаги илк филиали бўлиб, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги йўналишида таълим беришга ихтисослашади.
Филиал Самарқанд агроинновасия ва илмий тадқиқот институти ҳудудида жойлашади. Унда талабаларга Италиянинг аграр соҳадаги илғор тажрибаси ва замонавий технологиялар асосида таълим берилади.
Маълумот учун, Тушиа университети 1979 йилда Италиянинг Витербо шаҳрида ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда 8 мингдан ортиқ талаба таҳсил олмоқда.


