Афғонистон университетларида Толибон муваққат ҳукумати аёл муаллифлар томонидан ёзилган китобларни ўқув дастуридан чиқариш бўйича буйруқ берди. Умумий 680 китобдан 140 таси, яъни тўлиқ аёл муаллифлар томонидан ёзилган китоблар тақиққа тушди. Шу билан бирга, 18 та университет фани ҳам ман қилинди. Тақиқланган фанлар орасида “Гендер ва тараққиёт”, “Аёллар социологияси” ва “Мулоқотда аёлларнинг роли” каби йўналишлар мавжуд. Бу ҳақда Тҳе Индиан Эхпресс хабар берди.
Толибон Олий таълим вазирлиги ўринбосари Зиаур Раҳман Арюби қарорлар диний олимлар ва экспертлар панели томонидан қабул қилинганини маълум қилган. Тақиққа учраган китоблар орасида Эрон муаллифлари ёки нашриётлари томонидан чоп этилган асарлар ҳам бор, бу эса Афғон университетларига “Эрон контентининг кириб келишини олдини олиш” мақсадида амалга оширилгани айтилмоқда.
Собиқ адлия вазири ўринбосари Закиа Адели, ўз асарлари тақиқланган аёллардан бири сифатида, бу қарорни Толибоннинг “аёлларга қарши сиёсати” билан изоҳлади.
Кобул университети профессорлари таъкидлашича, бу қарор олий таълимда катта бўшлиқ яратиши мумкин.


