Aйрим озиқ-овқат маҳсулотлари қўшилган қиймат солиғидан озод этилиши мумкин
Сенат ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлашга қаратилган қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.

Сенат ахборот хизмати хабарига кўра, қонун билан республикада гўшт маҳсулотлари ва асосий истеъмол маҳсулоти бўлмиш картошкага бўлган талаб ва нархлар барқарорлигини таъминлаш орқали аҳоли даромадларини ошириш мақсадида Солиқ кодексига қўшимча киритилмоқда.
“Хусусан, Солиқ кодексининг 483-моддасига 2021 йил 10 октябрдан 2021 йил 31 декабрга қадар бўлган даврда гўшт (мол, қўй, товуқ), тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ва уларни сўйиш маҳсулотлари, картошка ҳамда музлатилган балиқни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, шунингдек уларни реализация қилиш бўйича айланмалар қўшилган қиймат солиғидан озод қилиш бўйича қўшимча норма киритилмоқда”.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланган.
Маълумот учун: Президент “Қўшилган қиймат солиғи маъмуриятчилигини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Эслатиб ўтамиз, гўшт (мол, қўй, товуқ), тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ва уларни сўйиш маҳсулотлари, картошка ҳамда музлатилган балиқни Ўзбекистонга олиб кириш, уларни сотиш бўйича айланмаларни ҚҚСдан озод қилишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилганди.
Аввалроқ асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари кескин ошиши мумкинлиги, ўсимлик мойига бўлган йиллик эҳтиёжи қанчалиги ҳамда дунёда йил бошидан буён илк бор озиқ-овқат нархлари пасайгани ҳақида хабар берилганди.







