Давлатимиз раҳбари Янги Тошкент шаҳрида олиб борилаётган бунёдкорлик жараёнлари ва истиқболдаги лойиҳалар тақдимоти билан танишди.
2023 йилда пойдавори қўйилган мазкур мега-лойиҳанинг дастлабки иншоотлари бугунги кунда қад ростламоқда. Шаҳар қурилиши учун Юқори Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманларидан 19 минг 700 гектар ер ажратилган бўлиб, концепция Буюк Британиянинг “Cross-works” компанияси томонидан ишлаб чиқилган.
Биринчи босқичда 6 минг гектар ҳудудда 600 минг аҳолига мўлжалланган замонавий иншоотлар барпо этилиши режалаштирилган. Лойиҳанинг якуний босқичи тугаллангач, шаҳарда 2 миллион нафардан ортиқ киши истиқомат қилиши мумкин бўлади.
Ҳозирда шаҳар инфратузилмасининг асоси – ерости муҳандислик тармоқлари барпо этилмоқда. Марказлашган иссиқлик ва сув қувурлари, электр энергияси ҳамда телекоммуникация тизимлари ер остидадан ўтказилмоқда. Транспорт қатнови учун ерости йўллари ва автотураргоҳлар ташкил этилиши кўзда тутилган.
Экологик тоза транспорт тизими, метро ва электробуслар ҳаракати, пиёдалар ҳамда велосипедчиларга қулай йўлаклар шаҳар транспорт тизимининг ажралмас қисми бўлади.
Ҳудудда давлат идоралари учун 60 дан ортиқ маъмурий бино қурилиши режалаштирилган. Ҳозирнинг ўзида бир қатор вазирлик ва идоралар вақтинчалик ташкил этилган мажмуаларда фаолият бошлаган.
Шунингдек, Янги Тошкентга хорижий ва маҳаллий инвесторларнинг қизиқиши ортиб бормоқда. Бугунги кунгача аукцион орқали сотилган 13 та тижорат лотлари бўйича 554 миллион долларлик шартномалар тузилди. Бу маблағ эвазига меҳмонхона, ресторан ва туризм масканлари қад ростлайди.
Қурилиш жараёнида 160 минг нафар кишининг бандлиги таъминланиши, келгусида эса инновацион технологияларга асосланган юқори даромадли иш ўринлари яратилиши кутилмоқда. Шу мақсадда янги таълим ва тиббиёт кластерлари, IT хизмати марказлари ҳамда технопарклар ташкил этилади.
Президент мазкур лойиҳаларни амалга оширишда инвестицияларни жалб этиш, аҳолига қулай хизмат кўрсатиш ва дам олиш масканларини барпо этиш бўйича топшириқлар берди.


