18 август куни Президент Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатимиз иқтисодий қудратини ошириш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш йўлида хизмат қилаётган етакчи тадбиркорлар фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан мукофотланди.
20 август куни Янги Тошкент шаҳрида тантанали топшириш маросими ўтказилди. Президент йиғилганларни Тадбиркорлар куни ва яқинлашиб келаётган Мустақиллик байрами билан табриклади.
Президентнинг сўзларига кўра, мамлакатда тадбиркорлик соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар, мутасаддиларни тадбиркорларни тинглашга мажбур қилиши натижасида давлат ва тадбиркорлар орасида ишонч шаклланган. Бу эса жамиятда тадбиркорликка дўстона муҳит яратган.
Шавкат Мирзиёев: “Биз тадбиркорлик учун қулай шароит яратдик, улар давлат билан бирга ишламоқда. Сўнгги 4–5 йил ичида 7,5 миллион аҳоли бандлиги таъминланди, шу йилнинг ўзида 3 миллиондан ортиқ иш ўрни очилди. Буларнинг барчаси инвестиция ва бизнес муҳитини яхшилаш орқали амалга ошди” дея таъкидлади.
Президент тадбиркорлар ёшлар, аёллар ва қишлоқ аҳолиси бандлигини оширишда, касб-ҳунар ва тадбиркорликни ўргатишда фаол рол ўйнаётганини таъкидлади: “Юртда тадбиркор ва ишбилармонларнинг янги авлоди шаклланиши – бу бизнинг катта бойлигимиз. Ҳар бир тадбиркор юзлаб одамни иш билан таъминлайди, жамият ҳаётига янгилик олиб киради.
Маросим давомида давлат раҳбари мукофотларни тантанали топширди, мукофотланган тадбиркорлар ўз соҳасида кўрсатган натижалари учун миннатдорлик билдирди. Тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, олимлар ва зиёллар иштирок этди.


