Ўзбекистон Президентининг матбуот котиби Шерзод Асадов бугун “Euronews” медиа холдинги директорлар кенгаши раиси Педро Варгас Давид билан учрашув ўтказди. Томонлар Ўзбекистон ва “Euronews” ўртасидаги медиа ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва янги йўналишларда ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.
Учрашув давомида мамлакатнинг ижобий халқаро имижини тарғиб қилиш, қўшма медиа лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда йирик воқеа ва ташаббусларни жаҳон аудиториясига самарали етказиш бўйича фикр алмашилди. Шунингдек, журналистларнинг малакасини ошириш, ахборот алмашинуви ва профессионал тренингларни кучайтириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Томонлар яқин келажакда ҳамкорликни янада фаоллаштириб, Ўзбекистонда олиб борилаётган жадал ислоҳотлар ва халқаро ташаббусларни кенг оммага етказишга хизмат қилувчи қўшма лойиҳаларни йўлга қўйишга келишиб олди.


