КХДР сувости кемасининг шубҳали ҳаракатлари сунъий йўлдош тасвирига тушиб қолди. Бу ҳақда Вашингтондаги стратегик ва минтақавий тадқиқотлар маркази маълум қилди.
“22 март куни Синпхо портидаги баллистик ракета жойлаштириш мумкин бўлган “8.24 Ёнун” тажрибавий сувости кемасининг ноодатий ҳаракатлари сунъий йўлдош тасвирига тушиб қолди”, – дейилган таҳлил марказида.
Мутахассислар бу кема одатда сунъий йўлдошдан тўсиб турадиган тўсиқ остида туришини, аммо порт буксири ўша куни уни кўринадиган нуқтагача судраб борганини аниқлаган. 23 март куни эса у одатдаги жойига олиб борилган.
“Ушбу ҳаракатнинг аниқ мақсади маълум бўлмаса-да, катта эҳтимол билан у сувости кемасининг модификацияси, таъмирланиши ёки бўлажак баллистик ракета синовларига, шунингдек, эҳтимолий душманни чалғитишга қаратилган бўлиши мумкин”, – деб қўшимча қилинган ахборотда.
Аввалроқ КХДР қитъалараро баллистик ракета синовини амалга оширгани тўғрисида хабар берилганди.


