Тошкент вилоятида ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан Бўстонлиқ туманидаги маҳалла раисига нисбатан тезкор тадбир ўтказилди.
Суриштирув жараёнида ушбу шахс ўз ваколатидан фойдаланиб, бошқа фуқаронинг уйини ва унга туташ 1,3 гектар ер майдонини ноқонуний равишда сотишга урингани аниқланган. У давлат жамғармасидан ушбу мулкни расмийлаштириш учун 150 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ўтказилган махсус операция давомида гумонланувчи келишилган пулдан 50 минг доллар аванс олаётган вақтида қўлга олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) бўйича жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


