1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Ўзбекистон

Тошкент вилоятида овқатдан захарланган болалар тўлиқ соғайди

2 октябрдан бошлаб барча мактабгача таълим муассасалари одатий иш режимида фаолиятини давом эттиради.

Тошкент вилоятида овқатдан захарланган болалар тўлиқ соғайди

Тошкент вилоятида бир нечта мактабгача таълим муассасаларида болалар саломатлиги билан боғлиқ ҳолат кузатилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

 

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги шуни алоҳида таъкидлайдики, барча болалар соғлом ҳолатда ўз оилаларига қайтди. Шифокорлар томонидан зарур даволаш ишлари ўз вақтида ташкил этилиб, болаларнинг соғлигига хавф туғдирувчи омиллар йўқлиги расман тасдиқланди.

 

Мазкур ҳолатни бартараф этиш бўйича Мактабгача таълим ва мактаб таълими вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик қўмитаси билан биргаликда зарур чораларни амалга оширди. Шу давр мобайнида Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчиликни мунтазам равишда маълумот билан таъминлаб борди.

 

2 октябрдан бошлаб барча боғчалар одатий иш режимида фаолиятини давом эттиради.

 

Амалдаги тартибга кўра, айрим мактабгача таълим муассасаларида умумий овқатланиш хизматлари хусусий корхоналар томонидан аутсорсинг асосида йўлга қўйилган. Ушбу шартномаларда санитария қоидалари ва меъёрларига риоя қилиш талаби аниқ белгиланган.

 

Вазирлик ушбу масалада ўзининг юқори масъулиятини чуқур англаб, назорат механизмларини янада кучайтиради. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда воқеа ҳар томонлама ўрганилиб, аниқланган камчиликлар юзасидан шартномалар қайта кўриб чиқилади ёки бекор қилинади.

 

Шу муносабат билан барча овқатланиш хизматини кўрсатаётган ташкилотларга мурожаат қилинади: фарзандларимиз соғлиги — энг олий қадрият. Озиқ-овқат сифати ҳисобига харажатларни қисқартириш ёки санитария қоидаларига беписандликка асло йўл қўйилмайди.

 

Назоратни кучайтириш мақсадида ота-оналар, экспертлар ва журналистлардан иборат жамоатчилик комиссияси жараёнга жалб этилади ва уларнинг хулосалари мунтазам эълон қилиб борилади.

 

Мактабгача таълим ва мактаб таълими вазирлиги келгусида бундай ҳолатлар қайтарилмаслиги учун тизимли чоралар кўрмоқда. Прокуратура органлари, Иқтисодиёт ва молия ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликлари билан биргаликда барча зарур ишлар амалга оширилади.

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика