2025 йил 2 августдан бошлаб Тошкент метрополитенининг ер усти ҳалқа йўналишидаги 6 та бекатда – “Технопарк – Янгиобод” оралиғида метро поездларининг ҳаракати вақтинча тўхтатилади. Бу ҳақда “Тошкент метрополитени” расмий канали орқали хабар берди.
Мазкур чоралар метро эстакадалари ва бекатларида режали профилактик таъмирлаш ишларини амалга ошириш мақсадида кўрилмоқда. Мутасаддилар фикрига кўра, халқаро тажрибадан келиб чиқиб, хавфсизлик ва сифатли хизмат кўрсатиш учун бундай техник парвариш зарур ҳисобланади.
Йўловчилар учун қулайлик яратиш мақсадида “Технопарк – Қипчоқ – Технопарк” йўналишида катта сиғимли бепул автобуслар қатнови ташкил этилади. Улар ҳар куни 05:00 дан 23:00 гача йўловчиларга хизмат кўрсатади.
“Тошкент метрополитени” йўловчилардан вақтинча ноқулайликлар учун узр сўраб, метробуслар орқали мунтазам ва хавфсиз транспорт таъминланишини кафолатламоқда. Профилактик ишлар якунлангач, поездлар ҳаракати одатдагидек давом этади.


