Ўзбекистонда жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган фуқаролар бир марталик нафақа олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 16 июлдаги қарори билан расман тасдиқланди. Нафақа миқдори 6 баробар базавий ҳисоблаш миқдорини (ҳозирда 2,25 миллион сўм) ташкил этади.
Нафақани олиш учун озодликка чиққан фуқаролар 1 ой ичида яшаш ҳудудидаги туман ёки шаҳар пробация бўлимига мурожаат қилишлари лозим. Ариза электрон тарзда, қўшимча ҳужжатларсиз, фақатгина шахсни тасдиқловчи рақамли воситалар – электрон рақамли имзо, Мобил IQ ёки бармоқ изи орқали топширилади.
Ёрдам "Инсон" ижтимоий хизматлар марказлари орқали тайинланади ва "E-пробация" рақамли тизими орқали қайта ишланади. Ушбу тизим “Ижтимоий ҳимоянинг ягона реестри” билан интеграциялашган бўлиб, 2025 йил 1 сентябргача Ички ишлар вазирлиги ҳамда Ижтимоий ҳимоя агентлиги томонидан тўлиқ ишга туширилади.
Нафақа маҳаллий бюджет ҳисобидан тўланади. Маблағ собиқ маҳкумнинг банк картасига ўтказилади ёки нақд шаклда берилади. Банк тўлов комиссияси 0,1 фоиздан ошмаслиги керак. Агар бир ой ичида ёрдам олинмаса, тўлов бекор қилинади. Мазкур тартибга кўра, 2025 йил учун республика ва маҳаллий бюджетлардан зарур маблағ ажратилиши, 2026 йилдан бошлаб эса ушбу чора доимий бюджет режалаштиришга киритилиши белгиланган.


