25 сентябр куни эрталаб Тошкент шаҳарининг Мирзо Улуғбек кўчасида йўл-транспорт ҳодисаси юз берди. Воқеа “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ маълумотларига кўра, иккита йўловчи автобуси ва “Оnих” русумли енгил автомобиль иштирокида содир бўлган.
Дастлабки маълумотларга кўра, 63-сонли йўналишда ҳаракатланаётган “King Long” автобусининг 60 ёшли ҳайдовчиси хавфсиз масофани сақламаган. Натижада у олдинда кетаётган 151-сонли “Yutong” автобусига урилган, сўнг эса зарба оқибатида “Yutong” автомобили ҳам “Оnих” енгил машинасига бориб тўқнашган.
Ҳодиса оқибатида 63-автобус йўловчиларидан бири — 46 ёшли фуқаро кучли руҳий қўрқувни бошдан кечириб, шифохонага ётқизилди. Автобусларга механик шикаст етиб, зарар етган.
Ҳозирда воқеа бўйича терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.


