Туркиянинг шарқий вилоятлари бой тарихий меросга эга бўлиб, бу ҳудудларда минг йиллик масжидлар, қабристонлар, қалъалар ва табиат гўшалари сақланиб қолган. Ҳукумат мазкур ҳудудларда туризм соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Аҳлат шаҳри Ван кўли бўйида жойлашган бўлиб, нафақат тарихий қиёфаси, балки эсо-туризм имкониятлари билан ҳам сайёҳларни ўзига тортмоқда.

Аҳлат яқинидаги 11-асрга мансуб “Салжуқийлар қабристони” Туркиядаги энг йирик турк-ислом ёдгорликларидан бири саналади. 2 100 квадрат метр майдонда жойлашган мажмуа ичида 8 мингдан ортиқ тош лавҳалар ва мақбара ёдгорликлари турли нақш ва ёзувлар билан сақланиб қолган. Қабристон ёнида ташкил этилган музейда Аҳлатнинг 13-асрда Бухоро ва Балх қатори илм ва маданият маркази бўлгани ҳақида маълумотлар тақдим этилади.

Кейинги тарихий манзил — Битлис шаҳри. Тоғлар орасида жойлашган бу қадимий шаҳар ўзининг 12-асрга мансуб масжиди ва эрамиздан аввалги 3-асрда қурилган улкан қалъаси билан ажралиб туради. Қалъа деворлари 2800 метр периметрга эга бўлиб, 2024 йилда ўтказилган археологик тадқиқотларда 100 метрли қадимий сув қувурлари ҳам топилган.

Сиирт вилояти эса диний ва илмий меросга бой ҳудуд сифатида танилган. Бу ерда машҳур олимлар Исмоил Ҳаққий ва Иброҳим Ҳаққий мақбаралари зиёратгоҳ мақомида бўлиб, “Сиирт Улу Жоме” масжиди эса 12-аср турк-ислом меъморчилигининг нодир намуналаридан бири ҳисобланади. Шунингдек, 2 минг йиллик тарихга эга “Ботан водийси” ҳам сайёҳлар эътиборини тортаётган диққатга сазовор масканлардан биридир.


