Россия томонидан урушга жалб этилган Ўзбекистон фуқароси Украина фронтида таслим бўлди. Унинг видеомурожаатини “Nexta Live” канали эълон қилди.
Маълум қилинишича, 31 ёшли бухоролик йигит Россия армияси сафида қатнашиш ҳақидаги шартномани мажбурий равишда имзолаган. У маҳаллий полиция томонидан гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятда айбланиб, 12–18 йилга озодликдан маҳрум этилиш билан қўрқитилган. У ё қамоқни, ё фронтни танлашига тўғри келган.
Украина ҳудудига етиб келган заҳоти йигитни ҳарбий дронлар аниқлаган. У қуролсиз ҳолатда таслим бўлган.
Ўзбекистонлик йигит Россия армиясидаги оғир шароитлар ҳақида ҳам сўз юритган. Унинг айтишича, ҳарбийлар алоқа воситалари ва зарур жиҳозларни ўз маблағлари эвазига сотиб олишга мажбур бўлишган. Армияда эса тартибсизлик, алдов ва бепарволик ҳукмрон.
У, шунингдек, жанг майдонида ҳалок бўлган аскарларнинг сони ниҳоятда кўп эканини айтган.
Йигит Россияга қайтишни истамаётганини билдирган ва Ўзбекистон ҳукуматидан мамлакатга қайтишда ёрдам сўраган.


