Токио боксчилик жамоаси чуқур қайғуда. Коракуэн Ҳалл аренасида бўлиб ўтган жанглар картасида иштирок этган 28 ёшли Ҳиромаса Уракава саккизинчи раундда Ёжи Саитога нокаут бўлгач, оғир мия жароҳати билан шифохонага ётқизилган. Бу ҳақда The Sun нашри хабар берган.
У зудлик билан операция қилинган, аммо бир ҳафта давомида ҳушига келмай, 9 август куни вафот этган.
Бу фожиа, атиги бир кун олдин ҳаётдан кўз юмган бошқа япон боксчиси — 28 ёшли Шигетоши Котарининг ўлимидан сўнг юз берди. Котари августдаги Ямато Ҳата билан 12 раундлик жангдан кейин ҳушидан кетган ва 8 август куни мияда қон кетиши оқибатида вафот этганди.
Япония Боксчилик Комиссияси маълум қилишича, иккала спортчи ҳам жанг тугаган заҳоти шифокорлар назоратига олинган ва шошилинч тарзда шифохонага олиб кетилган. Бироқ барча тиббий чораларга қарамай, уларнинг ҳаётини сақлаб қолиш имкони бўлмаган.
Бокс оламида бундай қисқа вақт ичида икки спортчининг ўлими жуда кам учрайди. Бу воқеалар япон спорт жамоатчилигини ларзага солди ва хавфсизлик чораларини кучайтириш бўйича янги муҳокамаларга сабаб бўлди. Спортчиларни ҳимоя қилиш мақсадида, айрим промоутерлар ва ташкилотлар раундлар сонини қисқартириш таклифини илгари сурмоқда.


