Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан “Adworld Group” масъулияти чекланган жамияти фаолияти юзасидан ўтказилган текширувлар натижасида қатор қонунбузарлик ҳолатлари аниқланди.
Ушбу компания хорижда ишга жойлаштириш хизматларини амалга ошириш учун қонун талаб қиладиган лицензияга эга бўлмаган ҳолда фуқаролардан пул маблағларини олиб, уларни алдаб келаётгани фош бўлди. Аниқланишича, мазкур фирма Черногория, Сербия, Литва, Англия, Норвегия, Уммон ва Япония каби давлатларда мавжуд иш ўринларини ижтимоий тармоқлар орқали фаол тарғиб қилиб, “консалтинг хизмати” ниқоби остида амалда ноқонуний бандлик фаолияти билан шуғулланган.
Алоҳида қайд этиш жоизки, ушбу ҳолатни баъзи ижтимоий тармоқлардаги блогерлар ҳам оммага кенг тарғиб қилган. Улар орқали берилган нотўғри реклама натижасида кўплаб фуқаролар компания хизматларига ишониб, катта миқдорда маблағ тўлаган, бироқ ваъда қилинган иш жойлари ва визаларни ололмаган.
Текширув якунларига кўра, “Adworld Group” МЧЖга 112,5 миллион сўм миқдорида жарима белгиланди. Бироқ белгиланган жарима ихтиёрий равишда тўланмагани сабабли, маблағни ундириш бўйича судга мурожаат қилинди.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хорижда ишлаш истагидаги фуқароларни фақат давлат органлари ёки рухсат этилган хусусий бандлик агентликларига мурожаат этишга чақирмоқда. Ижтимоий тармоқлардаги расмий манбага эга бўлмаган эълонлар ва рекламаларга ишониш орқали фуқаролар ўз маблағлари ва ҳуқуқий ҳимоясини хавф остига қўймоқда.


