Сўнгги 20 йил ичида АҚШ аҳолисининг ўртача тана вазни 15 килограммдан ошган. Бу эса умумий оғирликдаги 20 фоиздан кўпроқ ўзгаришни англатади. Мазкур ҳолат авиакомпаниялар учун жиддий хавфсизлик ва юк тақсимоти масалаларини кун тартибига олиб чиқмоқда.
Хорижий ОАВларнинг хабар беришича, бир қатор йирик авиаташувчилар йўловчиларнинг вазнини учишдан аввал ўлчашни мажбурий тартибда жорий этиш имкониятини муҳокама қилмоқда. Агар йўловчи ва унинг қўл юки белгиланган меъёрдан ошса, қўшимча тўлов ундирилиши эҳтимоли ҳам кўриб чиқилмоқда.
Бундан ташқари, самолёт салонларида мавжуд ўриндиқлар ўлчамларини замонавий йўловчилар вазн ва ўлчамларига мослаштириш масаласи ҳам кун тартибига чиқмоқда.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, бу таклифлар нафақат қулайлик, балки парвозлар хавфсизлигини таъминлаш, юкни мувозанатли тақсимлаш ва фавқулодда ҳолатларда тегишли чораларни белгилаш нуқтайи назаридан ҳам муҳимдир.


