"5", "4", "3" : Ўқувчини баҳолашда нималарга эътибор қаратиш лозим?
Ўқитувчи болани баҳолаш билан руҳлантириб, ҳаракатчанлигини ошириш жараёнида ўта синчиков бўлиши шарт.

34 йилдан бери бошланғич синф ўқитувчисиман. Кўпчилик, айнан, бошланғич синф ўқитувчиларининг ишини нисбатан осон деб ўйлайди. Бу “осон”ни болаларнинг ёши кичиклиги, ўқитувчига гап қайтармай, тез айтанини қилиши билан асослашади. Аммо ундай эмас. Битта синфда ўртача 25 нафар бола бўлса, бу 25 хил характер дегани ҳам. Уларнинг "тилини топиб" гаплашишнинг ўзи бўлмайди.
Ҳар бир юмушнинг мураккаблиги, ўзига яраша масъулияти, шарафи бўлади. Фаолиятим давомида бор меҳримни Биргина — Бувайда туманидаги 16-умумтаълим мактабга бердим. Ичдан чарчаган ва заҳмат кезган пайтларимда ҳам бошқа мактабда ишлаш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаганман. Аслида биз танлаган йўлни, ишини енгил деб бўлмайди. Тажрибамдан келиб чиқиб, ўқувчиларни баҳолаш билан боғлиқ ҳолатда юзага келадиган муаммолар ҳақида гапирмоқчиман.
Баъзи ҳамкасбларимиз ўқувчиларни кўпроқ эркалатиб, баҳосини баъзи ўринларда ошириб қўяди. Бу усул ўқувчига рағбат беради, лекин уни ҳуда-беҳуда рағбатлантиравериш тескари таъсир кўрсатади. Кўп ҳолларда ўқувчига ўринли пастроқ баҳо қўйилса, уларнинг ота-оналари эътироз билдиради. Бу ҳам нотўғри. Чунки ўқувчи ўқувчининг дарсдаги фаоллигига қараб баҳо қўяди.
Тан олиш керак, бошланғич синфда ўқувчиларни билимига яраша баҳо олишга кўниктириб бориш ҳам осон кечмайди. Баъзи аълочилар билмасдан хато қилиб қўйса, унга паст баҳо қўйсангиз тушкунликка тушади. Оқибатда, ўзлаштиришида муаммолар юзага келади. Шунинг учун баҳолашда “олтин ўрталик”ни топиш, бола психологиясини билиш жуда муҳим.
Ўқитувчи болани баҳолаш билан руҳлантириб, ҳаракатчанлигини ошириш жараёнида ўта синчиков бўлиши шарт. Бу ўринда бола ўзлаштиришни иккинчи даражага қўйиб, баҳо олишни биринчига чиқариб қўймаслиги керак. Бола шу кайфиятда — ўринсиз аъло баҳо олишга кўникиб юқори синфга ўтса, таълимнинг кейинги босқичларида қийналади.
Меҳнат фаолиятимда яна бир жиҳатга кўп эътибор қиламан. Масала шундаки, кўп ота-оналар бошланғич синфда ўқийдиган фарзанди билан бирга дарс қилади. Бу жуда яхши. Фарзандининг ўзлаштириши билан қизиқиб, ўқитувчи билан ҳам тез-тез суҳбатлашиб туради. Лекин бола бешинчи — юқори синфга ўтиши билан ота-она бирга дарс қилишни тўхтатади. Бу яхши эмас. Бундай тез “узоқлашиш” боланинг ўзлаштиришига таъсир қилмай қўймайди.
Шунинг учун ўқувчиларим 4-синфни тамомлаётганда ота-оналар билан алоҳида гаплашаман. Бошланғичда қандай яхши ўқиган бўлса бу албатта давомли бўлиши лозим. Янги ўқитувчилар, янги фанлар, янги педагогик усуллар юқори синфга ўтган ўқувчини бироз саросимага солиб турган бундай пайтда уларни ёлғизлатиб қўймаслик керак.
Бу борада ота-она ва мактаб ўзаро ҳамкорликда иш тутиши мақсадга мувофиқдир .
Сафура Қодирова,
Фарғона вилояти, Бувайда туманидаги 16-умумтаълим мактабнинг
бошланғич синф ўқитувчиси







