Жаҳон

«Унинг ҳеч қачон қўлланилмаслигига кафолат йўқ»: Путин ядровий қурол ҳақида гапирди

Россия президенти «Валдай» халқаро мунозара клубининг ялпи мажлисида ядровий қурол қўлланиши эҳтимоли ҳақида гапириб, уни театр саҳнасида деворга осилган ва охир-оқибат ўқ узиши керак бўлган милтиққа қиёслади.

«Унинг ҳеч қачон қўлланилмаслигига кафолат йўқ»: Путин ядровий қурол ҳақида гапирди

Россия президенти Владимир Путин дунёда «ҳалокатли оқибатларга» олиб келиши мумкин бўлган сценарий юзага келиши эҳтимоли ҳақида гапирди. У 1 октябрь куни кечқурун Халқаро мунозара клуби «Валдай»нинг ялпи мажлисида сўзлаб, айрим давлатлар арсеналида «барча тирик мавжудотларни йўқ қилишга қодир» қурол мавжудлигини таъкидлади. Бундай қурол ҳеч қачон қўлланмаслигига ишониш мумкинми, дея ўзига савол бериб, «йўқ» деб жавоб берди.

 

Путин ядровий қуролни театр саҳнасида деворга осилган ва спектакль якунида ўқ узиши керак бўлган милтиққа қиёслади.

 

«Театр бошида саҳнада деворга осилган милтиқ бўлса, у охир-оқибат ўқ узиши керак. Буни йодда тутишимиз ва бунга йўл қўймаслигимиз керак», — деди у.

 

Путиннинг айтишича, омон қолиш учун кураш қонунлари нафақат тирик табиатда, балки ижтимоий жамоаларда ҳам амал қилади. У Россия вазият тақозоси билан «кескин чоралар» кўришга мажбур бўлиши мумкинлигини айтди. Шу билан бирга, ядровий қурол қўлланишининг олдини олиш учун барча чораларни кўриш кераклигини таъкидлади.

 

«Яшашни истасак — ахир, ҳамма яшашни хоҳлайди — келинг, аҳил яшайлик», — деди Путин.

 

У вазият янада кескинлашса, «мактаб дарсликлари ҳам, улардан таълим оладиганлар ҳам қолмайди», дея дунёда ядровий фалокат юз бериши мумкинлигига яна бир бор ишора қилди.

 

Путин яна Ғарбни Украинадаги урушни бошлаганликда айблади

 

Россиянинг Украинага қарши уруши ҳақида гапирар экан, Путин Москва «урушни бошламаганини», Россиянинг Украинага бостириб кириши НАТО ва Украинанинг ҳаракатларига жавоб бўлганини даъво қилди.

 

«Гап шундаки, бу урушни биз хоҳламадик ва биз бошламадик, балки улар биз билан уруш бошлади», — деди Россия президенти.

 

Путиннинг талқинига кўра, Ғарб йиллар давомида Украинада «тажовузкор миллатчилик ва русофобия»ни рағбатлантирган ҳамда мамлакатни Россияга қарши «қурол»га айлантиришга ҳаракат қилган. Унинг айтишича, Киевдаги «радикаллар» «давлат тўнтариши»га ундалган, Россиянинг «тарихий ҳудудлари»да эса НАТО ҳарбий базаларини жойлаштириш режалаштирилган.

 

Путин Европа ва дунёдаги ҳозирги вазиятни «жуда хавфли» деб атаб, Ғарб давлатларини «тажовузкор интилишлар»да айблади. Reuters ҳам унинг чиқишида дунёдаги вазиятни хавфли деб баҳолаганини ва Ғарбни Украинадаги қарама-қаршиликни янада кучайтирмасликка чақирганини қайд этган.

 

Путин Россия қўшинларининг ҳудудий ютуқлари ҳақида гапирди

 

Украинадаги урушнинг бориши ҳақида гапирар экан, Путин Россия қўшинлари сўнгги бир ойда аввалги ойга нисбатан 3,5 баробар кўпроқ ҳудудни эгаллаганини айтди.

 

Унинг даъвосига кўра, Россия ҳозир Донетск вилояти ҳудудининг 89 фоизини назорат қилмоқда. Урушни ўрганиш институти (ИСW) маълумотларига кўра эса, Россия Донбасс ҳудудининг 81 фоизини назорат қилмоқда.

 

Бундан бир неча кун аввал Киев «Вивальди» қарши ҳужум операциясининг уч босқичи давомида Украина Қуролли кучлари 176 квадрат километр ҳудудни қайтариб олганини маълум қилган эди.

 

Путин эса «Валдай» форумида Россия ушбу ҳудудларнинг барчасини эгаллашига ишонч билдирди ва Украинанинг улар учун курашишда давом этишидан маъно йўқлигини айтди.

 

Путин сунъий интеллект сабаб уруш қоидаларини қайта кўриб чиқишга чақирди

 

Путин жанговар ҳаракатларни олиб бориш бўйича янги халқаро конвенция ишлаб чиқиш таклифини ҳам илгари сурди. Бунга сабаб сифатида у сунъий интеллект технологияларининг жадал ривожланишини кўрсатди.

 

У 1983 йилда совет зобити Станислав Петров билан юз берган воқеани мисол қилиб келтирди. Ўша пайтда Петров амалдаги протоколга мувофиқ ядровий зарба бериш ҳақида буйруқ бериши керак бўлган, бироқ бундай қарорни қабул қилмаган. Путиннинг фикрича, сунъий интеллект бундай вазиятда бошқача қарор қабул қилган бўларди.

 

Путин Европадаги ҳарбий корхоналарга зарба бериш эҳтимолини ҳам тилга олди

 

Россия президенти Европадаги ҳарбий корхоналарга зарба бериш эҳтимоли ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Москва бундай йўл тутишни «албатта» режалаштирмаётганини, бироқ «таҳдидларни кузатиб боришини» айтди.

 

Унинг сўзларига кўра, Ғарб давлатларининг Россия ҳудудига берилаётган зарбаларда бевосита иштирок этиши Москва томонидан тўғридан-тўғри таҳдид сифатида баҳоланади.

 

Путин, шунингдек, Россияга тўғридан-тўғри ҳужум қилинган тақдирда Москва ихтиёридаги барча қуроллардан фойдаланиш масаласи кун тартибига чиқишини айтган.

 

«Валдай» нега Сочидан Москва вилоятига кўчирилди?

 

Бу йил «Валдай» клуби йиғилиши Сочидан Москва вилоятига кўчирилди. Тадбир ўтказилган ҳудудда Россиянинг ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари кўпроқ жамлангани айтилмоқда.

 

Британиянинг Financial Times газетаси тўрт манбага таяниб ёзишича, тадбир жойини ўзгартиришга Украина Қуролли кучларининг кучайган ҳужумлари фонидаги хавфсизлик хавотирлари сабаб бўлган. Манбалардан иккитаси жойни ўзгартириш қарори Путин хавфсизлик хизмати талаби билан қабул қилинган.

Бир кун ичида фуқаролик ва паспорт: Жапаров масъулларга топшириқ берди

Бир кун ичида фуқаролик ва паспорт: Жапаров масъулларга топшириқ берди

Бунга Ўзбекистондан келган аёлнинг фуқаролик олишдаги муаммоси сабаб бўлган.

35 йиллик қарз юки: Украина 2061 йилгача қарз тўлайди

35 йиллик қарз юки: Украина 2061 йилгача қарз тўлайди

Мамлакатнинг давлат ва давлат томонидан кафолатланган қарзи 2026 йил августида 215,55 миллиард долларга етган.

“Мен буни жуда хоҳлардим”: Трамп учинчи муддат ҳақида гапирди

“Мен буни жуда хоҳлардим”: Трамп учинчи муддат ҳақида гапирди

АҚШ президенти учинчи муддатга президент бўлиш истагини билдирди.

Россияда мигрантлар учун имтиёз: айрим ишчилар рус тили имтиҳонидан озод қилиниши мумкин

Россияда мигрантлар учун имтиёз: айрим ишчилар рус тили имтиҳонидан озод қилиниши мумкин

Ички ишлар вазирлиги айрим мигрантларни рус тили, тарих ва қонунчилик бўйича имтиҳондан озод қилишни таклиф қилди.

Ҳусийлар ҳужуми Саудия Арабистонини хавотирга солди: қироллик Покистондан ёрдам сўради

Ҳусийлар ҳужуми Саудия Арабистонини хавотирга солди: қироллик Покистондан ёрдам сўради

Қироллик зенит-ракета захиралари етишмовчилиги туфайли мавжуд тизимларни қайта тақсимламоқда.

Дунёда қашшоқлик ортди: муҳтожлар сони 1,2 миллиардга етди

Дунёда қашшоқлик ортди: муҳтожлар сони 1,2 миллиардга етди

Қашшоқликда яшаётганларнинг ярмидан кўпини болалар ташкил этади. Тадқиқот 108 та ривожланаётган мамлакатни қамраб олган.

Сунъий интеллект ва ядровий уруш: 2100 йилга бориб инсониятга нима хавф солади?

Сунъий интеллект ва ядровий уруш: 2100 йилга бориб инсониятга нима хавф солади?

17 та глобал хавф миллиардлаб инсонларнинг ҳаёти ва саломатлигига зарар етказиши мумкин.

Яндексдаги носозликлар: ускуналарни тиклаш ярим йилгача вақт олади

Яндексдаги носозликлар: ускуналарни тиклаш ярим йилгача вақт олади

Яндекс маълумотлар марказларига қилинган дронлар ҳужумидан кейин айрим хизматларда узилишлар кузатилди.