Харьковга авиабомбалар ташланди: ҳалок бўлганлар сони икки кишига етди
Аввалроқ бир киши ҳалок бўлгани ва тўққиз киши жароҳатлангани хабар қилинганди.

Украинанинг Харьков шаҳрига 2 октябрь куни бошқариладиган авиабомбалар билан зарбалар берилди. Ҳужум оқибатида икки киши ҳалок бўлди, 17 киши жароҳатланди. Жабрланганлар орасида бола ҳам бор.
Харьков мэри Игор Тереховнинг маълум қилишича, зарбалар шаҳарнинг Слобидский ва Немишлянский туманларидаги хусусий уйлар жойлашган ҳудудларга берилган. Авиабомбалардан бири турар жой биносига келиб тушган ва уйни тўлиқ вайрон қилган.
Дастлаб ҳужум оқибатида бир киши ҳалок бўлгани ва тўққиз киши жароҳатлангани хабар қилинган. Кейинчалик Харьков вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубов жабрланганлар сони 17 нафарга етганини маълум қилган. Орадан кўп ўтмай, вайроналар остидан яна бир кишининг жасади топилган.
Маҳаллий расмийларга кўра, ҳужум оқибатида хусусий уйлар, офис бинолари, таълим муассасаси ва автомобиллар ҳам зарар кўрган. Қутқарув ва тез тиббий ёрдам хизматлари воқеа жойларида иш олиб бормоқда.







