Германия космик мудофаа салоҳиятини ошириш учун 35 млрд евро ажратади
Берлиннинг янги космик стратегияси 2030 йилгача Германияни АҚШ ва Хитойдан кейинги учинчи йирик космик мудофаа тизими кучли давлатга айлантиради.

Германия ҳукумати ўзининг илк миллий космик стратегиясини тасдиқлади. ОАВ хабарига кўра, ушбу ҳужжат доирасида Берлин 2030 йилгача 35 миллиард евро миқдорида маблағни космик мудофаа имкониятларини ривожлантиришга йўналтиради. Стратегия асосан Россия ва Хитойнинг космосдаги ҳарбий фаоллигига қарши туриш, шунингдек, Европа хавфсизлигини мустаҳкамлашни кўзлайди.
Режага биноан:
— Германия радиоэлектрон кузатув тизимлари, ҳарбий мақсадлардаги сунъий йўлдошлар, хавфсиз алоқа ҳамда разведка технологияларини кенгайтиради.
— Ҳарбий сунъий йўлдошларнинг барқарорлигини ошириш, уларга қарши амалга оширилиши мумкин бўлган ҳужумлардан ҳимоялаш бўйича янги платформалар яратилади.
— Берлин НАТОнинг космик хавфсизлик ташаббусларида фаолроқ иштирок этишни режалаштирган.
Янги стратегия Европадаги умумий ҳимоя тизимининг муҳим бўлаги сифатида қаралмоқда. Сўнгги йилларда космос ҳарбий рақобатнинг асосий майдонларидан бирига айланган бўлиб, АҚШ, Хитой ва Россия ўз космик қўшинларини кенг ривожлантирмоқда. Германия эса, бунга жавобан, ўз космик қўмондонлигини мустаҳкамлаш ва Европа Иттифоқи доирасида технологик етакчиликни оширишни мақсад қилмоқда.







