ИИББ: Тошкентда тарқалган “ОИВ/ОИТС юқтирувчи игна” видеоси саҳналаштирилган
Ижтимоий тармоқларда икки шахс томонидан атайлаб “лайк” ва кўришлар йиғиш мақсадида саҳналаштирилган видео тарқатилган.

Тошкент шаҳрида ижтимоий тармоқларда тарқалган “юқумли игна” ҳақидаги видео асоссиз ва саҳналаштирилган экани аниқланди. ИИББ томонидан олиб борилган суриштирув натижасида видео икки шахс томонидан махсус равишда “лайк” ва кўришлар тўплаш мақсадида тайёрлангани маълум бўлди. Ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, иш судга юборилди.
Видеода гўёки шаҳар боғида скамейка устида топилган игна орқали ОИВ/ОИТС юқтириш хавфи мавжудлиги ҳақидаги иддаолар келтирилган бўлиб, ушбу мазмун жамоатчилик орасида ташвиш ва муҳокамаларга сабаб бўлди.
Суриштирув давомида иштирокчилардан бири мазкур ҳаракат саҳналаштирилганини тан олди ва кенг аудитория диққатини қозониш мақсадида тасвирга олинганини маълум қилди. У қилган ишидан афсусдалигини билдириб, жамоатчиликдан узр сўради.
Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистонда жамоат жойларида тасодифий игна санчилиши оқибатида ОИВ/ОИТС юқтирилган ҳолатлар қайд этилмаганини маълум қилди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ОИВ ташқи муҳитда барқарор эмас: очиқ ҳавода ва қуяш нури таъсирида вирус 2–5 соат ичида юқтириш хусусиятини йўқотади. Шунингдек, бундай ҳолат содир бўлганда 72 соат ичида ОИТСнинг олдини олиш марказига мурожаат қилиш орқали инфекция юқишининг олди тўлиқ олиниши мумкин.
Мазкур ҳолат бўйича видеони яратган шахсларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 202-2-моддаси (“Ёлғон маълумот тарқатиш”) билан иш қўзғатилган. Энди улар базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баробаридан 100 баробаригача, яъни 20 млн сўмдан 41,2 млн сўмгача жарима билан жазоланиши мумкин.







