Лионель Месси “Интер Майами” билан шартномасини 2028 йилгача узайтирди
Футболчи 2023 йил ёзидан бери “Интер Майами”да тўп сурмоқда.

Лионель Месси “Интер Майами” билан шартномасини 2028 йил охиригача узайтирди. Клубнинг расмий сайтида 38 ёшли ҳужумчининг янги келишув тафсилотлари эълон қилинди.
Месси ўз баёнотида: “Мен бу ерда қолиб, орзуйимни ҳақиқатга айлантирган лойиҳа устида ишлашни давом эттираётганимдан жуда хурсандман. Майами Freedom Park стадионида ўйнаш — бу менга катта қувонч бағишлайди. Бу ерда қолишимдан хурсандман”, — дея таъкидлади.
Месси 2023 йил ёзидан бери “Интер Майами” шарафини ҳимоя қилмоқда. Шу вақт ичида у барча мусобақаларда 82 та ўйинда майдонга тушиб, 71 та гол урди ва 37 та голли узатма амалга оширди. Transfermarkt маълумотларига кўра, унинг бозор қиймати 18 миллион еврони ташкил этади.







