Миннеаполисда АҚШ Иммиграция хизмати томонидан аёл киши отиб ўлдирилгани сабабли минглаб одамлар намойишга чиқди
Айрим демократ раҳбарлар ICE рейдларини “кераксиз провокация” деб атамоқда.

АҚШнинг Миннеаполис шаҳрида Иммиграция ва божхона хизмати (ICE) ходими томонидан 37 ёшли аёл отиб ўлдирилгани ортидан минглаб одамлар кўчаларга чиқди. Reuters хабарига кўра, норозилик акциялари давомида айрим йўллар ёпилган, бироқ жиддий тўқнашувлар қайд этилмаган. Намойишлар фақат Миннеаполис билан чекланмай, мамлакатнинг бошқа шаҳарларида ҳам давом этмоқда.
Ҳодиса 7 январь куни ICE томонидан ўтказилган рейд вақтида содир бўлган. Расмийларга кўра, ҳалок бўлган аёл АҚШ фуқароси бўлган. Шунингдек, 9 январь куни Портленд шаҳрида ҳам ICE агентлари икки кишини отиб, уларни жароҳатлагани маълум қилинган. Бу воқеалар иммиграция хизматининг амалиётларига нисбатан жамоатчилик норозилигини кучайтирди.
АҚШ Ички хавфсизлик вазири аёл ICE ходимларини автомобиль билан босиб кетишга урингани, шундан сўнг агентлардан бири ўзини ҳимоя қилиш мақсадида ўқ узганини билдирди. Президент Доналд Трамп ҳам ушбу версияни қўллаб-қувватлади. Бироқ Миннеаполис мери Жейкоб Фрей бу баёнотни қатъиян рад этиб, федерал иммиграция агентларини шаҳарда тартибсизлик келтириб чиқаришда айблади.
Мазкур воқеа фонида АҚШда иммиграция сиёсати, федерал кучлар ва маҳаллий ҳокимият ўртасидаги зиддиятлар янада кескинлашди. Айрим демократ раҳбарлар ICE рейдларини “кераксиз провокация” деб атаган бўлса, Нью-Йорк мери Зоҳъран Мамдани келгусида иммиграция хизмати текширувларига ёрдам берилмаслигини билдирди. Шу билан бирга, Ички хавфсизлик вазирлиги Миннесота штатида 2000 нафар ходим жалб этилган кенг кўламли операция давом этаётганини маълум қилди.







