Жаҳон

Нетаняху Ғазо кучларида турк ва қатар аскарларига жой йўқлигини айтди

Исроил бош вазири Ғазо келажаги бўйича АҚШ режасида айрим давлатлар ҳарбий иштирокига қатъий қарши чиқди.

Нетаняху Ғазо кучларида турк ва қатар аскарларига жой йўқлигини айтди

 

Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняху душанба куни урушдан кейинги Ғазо ҳудудида турк ёки қатарлик аскарлар учун жой бўлмаслигини маълум қилди ҳамда АҚШ томонидан қўллаб-қувватланаётган, Фаластин ҳудуди бўйича маслаҳат берувчи кенгаш таркибига Исроилнинг эътирозини яна бир бор такрорлади. Бу ҳақда «Ал-Арабия» хабар қилди.

 

АҚШ Президенти Доналд Трампнинг Ғазодаги урушни якунлашга қаратилган 20 банддан иборат режасига мувофиқ, Оқ уй ўтган ҳафта Трампнинг ўзи раислик қиладиган “Тинчлик кенгаши” (Board of Peace), урушдан вайрон бўлган ҳудудни бошқариши кўзда тутилган фаластинлик технократлар қўмитаси ҳамда маслаҳат берувчи роль ўйнаши мўлжалланган иккинчи тузилма — “Ғазо ижроия кенгаши” ташкил этилишини эълон қилган эди.

 

Нетаняху аввал ҳам “Ғазо ижроия кенгаши” таркибига нисбатан эътироз билдирган.

 

“Ғазо секторида биз Трамп режасининг иккинчи босқичи арафасидамиз. Иккинчи босқич битта оддий нарсани англатади: ҲАМАС қуролсизлантирилади ва Ғазо демилитаризация қилинади”, — деди Нетаняху парламентда.

 

“Ғазо секторида турк ёки қатарлик аскарлар бўлмайди”, — дея қўшимча қилди у. Бу баёнот Трамп режаси доирасида кўзда тутилган Ғазо учун Халқаро барқарорлаштириш кучларига (International Stabilization Force — ISF) ишора сифатида талқин қилинмоқда.

 

Мазкур куч таркибига қайси давлатлар контингенти кириши ҳозирча аниқланмаган. ISF Ғазода хавфсизликни таъминлаш ҳамда ҲАМАС ўрнига янги полиция кучларини тайёрлаш билан шуғулланиши кўзда тутилган.

 

Жума куни Трамп АҚШнинг генерал-майори Жаспер Жефферсни Ғазодаги ISF раҳбари этиб тайинланган эди.

 

“Бизда АҚШдаги дўстларимиз билан Ғазодаги жараёнларга ҳамроҳ бўладиган маслаҳат кенгаши таркиби борасида муайян келишмовчилик мавжуд”, дея қўшимча қилди Нетаняху.

 

Исроил Бош вазири идораси шанба куни “Ғазо ижроия кенгаши” таркибига расмий эътироз билдирган эди. Мазкур кенгаш таркибига Туркия ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан, Қатарлик дипломат Али ал-Саводий (Али ал-Тҳавади) ҳамда бошқа минтақавий ва халқаро расмийлар киритилган.

 

“Бош вазир ташқи ишлар вазирига ушбу масала юзасидан АҚШ давлат котиби билан боғланиш топшириғини берди”, — дейилади Нетаняху идораси баёнотида.

 

Баёнотда эътироз сабаблари очиқланмаган, бироқ Исроил аввал ҳам урушдан кейинги Ғазода Туркиянинг ҳар қандай ролига қатъиян қарши чиқиб келган. 2023 йил октябрида уруш бошланганидан буён Исроил ва Туркия ўртасидаги муносабатлар кескин ёмонлашган.

 

Дастлаб “Тинчлик кенгаши” Ғазони қайта тиклаш жараёнини назорат қилиш учун мўлжалланган эди, бироқ унинг низомида фаолият фақат босиб олинган Фаластин ҳудуди билан чекланиши кўзда тутилмаган.

 

Фаластинлик технократлардан иборат қўмита эса ўтган ҳафта Қоҳирада илк йиғилишларини ўтказди.

custom img

Трамп Эроннинг “сўзсиз таслим бўлишини” талаб қилди

АҚШ президенти Эрон таслим бўлгач, мамлакатни тиклашда АҚШ ва иттифоқчилари ёрдам беришини айтди.

custom img

АҚШ ва Исроил зарбалари оқибатида Эронда ҳалок бўлганлар сони 1300 дан ошди

Зарба берилган ҳудудларда қидирув-қутқарув ва вайроналарни тозалаш ишлари давом этмоқда.

custom img

АҚШ Эрондан кейин Кубага эътибор қаратади — Трамп

АҚШ президенти Куба масаласида давлат котиби Марко Рубио фаолиятига юқори баҳо берди ва Вашингтон бу йўналишни диққат билан кузатаётганини таъкидлади.

custom img

Озарбайжон Эрондаги дипломатларини чақириб олишга қарор қилди

Қарор Нахчивондаги дрон ҳужумидан сўнг қабул қилинган, аммо Эрон томони воқеа ортида учинчи кучлар бўлиши мумкинлигини билдирган.

custom img

Эрон хавфсизлик сабабли янги олий раҳбар номини эълон қилишни кечиктирди

АҚШ ва Исроил баёнотлари янги раҳбар ҳам эҳтимолий нишонга айланиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларни кучайтирмоқда.

custom img

Туркия 20 мартгача Эронга авиатранспорт рейсларини бекор қилди

БАА, Қатар, Қувайт ва Баҳрайнга парвозлар ҳам номаълум муддатга тўхтатилган.

custom img

Дубайда атиги 10 кунга етадиган озиқ-овқат маҳсулотлари қолди

Яқин Шарқдаги можаро Дубай ва бошқа шаҳарларда озиқ-овқат етказиб беришга жиддий таъсир кўрсатмоқда.

custom img

Теҳрон марказидаги Хоманаийнинг махфий бункери вайрон қилинди — IDF

Операцияда 50 га яқин ҳарбий самолёт иштирок этган.

Шаҳодатнома: №1346 Берилган сана: 28.05.2020

Ғоя муаллифи: Фирдавс Фридунович Абдухаликов

Асосчиси: "Master Media Production and Broadcast"