Самарқанд йўлларидаги ўйлар

Машинада тўхтади: сал нарида полиэтилен чиқинди сочилиб ётибди, ундан нарида сув идишлар. Кимдир машинасидан тушиб, нос туфлайди, бошқаси эса... Ҳафсалам пир бўл, она табиатга ёрдам бергим келди, аммо...

Самарқанд йўлларидаги ўйлар

Баҳор мўъжизаси ташрифини билдириб келгани учун татимли. Ҳар шохда гул, ҳар ўнгир кўм-кўк. Тошни ёриб гул унади. Энг биринчи очиладиган митти кўк гуллардан тортиб, бойчечак, лола ва қизғалдоққача давом этади бу гўзаллик.

 

Шу кунларда Самарқандга бордим. Йўловчи машинада талаба қизлар ҳамроҳлигида кетяпман. Ҳайдовчи табиатга ҳамоҳанг қўшиқ қўйди:

 

Чаман кулсин ҳатто тошлардан..

 

Йўллар... йўллар, бунча гўзалликни ўзига сиғдирмай бодраб кетганга ўхшайди. Чиноздан бошлаб Жиззахгача лайлакларни томоша қилиб кетдим. Худди, уй кўтариб тозаланган келинчак каби қушлар ҳам инларини созлаш билан овора. Сардоба яқинида туячилик билан шуғулланадиганлар йўл бўйида ўркачлиларни боқиб юрипти. Одамлар машинадан тушиб туяларга ўт бериб, силаб расмга тушяпти. Истаганлар сутини сотиб олиши мумкин. Озгина юриб, отлар, тойчоқларни кўрдим. Бунча гўзал бўлмаса, Аллоҳнинг бу яратиқлари. Қўй-қўзилар-ку, шаҳарда тошдевор ичида ўсган менинг болаларимга мўъжизанинг ўзи. Қишлоққа борса, ўпиб-эркалаб қўймайди. Шундоқ йўл четидаги яшиллик, гуллаган, ғунчалаган дарахтлар кўзни олади. Ҳайдовчи шерикларим илтимосига биноан ҳали дарахтзорда, ҳали туялар олдида тўхтайди. Қизлар сочига чамбарак қилиб тақишга момақаймоқнинг сариқ гулларини териб келди. Мен шундоқ ўсиб турган ялпизларни узгим келди... Бироқ... сал нарида полиэтилен қопчиқда чиқинди сочилиб ётибди, ундан нарида сув идиш... Кимдир машинасидан тушиб, нос туфлайди. Ҳафсалам пир бўлиб термадим. Ҳайдовчи кутса экан яшилланган қирга чиқиб кетсам... Бу ёғи сафар. Энди машина ойнасидан кузатиб бораверамиз. Ҳар қадамда гўзаллик устига тортилган қора чизиқ бўлиб, чиқиндилар, бир марталик идишдан тортиб, елим қоп, намсочиқ, ҳар нима бор...

 

Бир гал қишлоққа борсак укамнинг сигири касал бўлиб қолибди. Ветеринар шифокор келиб кўрди. Сўйишни маслаҳат берди. Укам молни сўйса, ошқозонидан резина қўлқоп чиқибди. Яқинда олган молига, унинг боласига, кетган пулига ачиниб қолаверди укам...

 

Йўл бўйида ўтлаб юрган жониворларга қараб, узоқроқ кетинглар, бу ерда адашиб бирон нима еб қўйманглар, дегим келади. Шамол эса қора қопчаларни баланд-баланд учиради. Ўзимиз сутини ичиб, гўштини истеъмол қиладиган чорвага шундай зарар етказяпмиз. Ҳайвонот олами-ку бир парча. Бутун борлиқ табиатни абгор қилишда муносиб ҳисса қўшяпмиз.

 

Шундай гўзал фасл, чиройли манзарани қандай “олтин қўллар” бузар экан-а.

 

Тўғри, йўллар ёмон. Айниқса, ёғингарчиликлар катта трасса йўлни қийнаб юборган. 24 соат қатнов тинмайдиган бу манзиллар байрам ва дам олиш кунлари янада серқатнов бўлади. Афсуски, янада чиқитлар кўпаяди.  Шу ўринда бир мулоҳаза: биз доим муаммолар учун катта-катта идора раҳбарларини айблаймиз. Йўллар абгор, тўғри. Узоқ юриш жудаям азоб. Аммо ўзимиз қўлимиздан келадиган ишлар бор-ку. Бунга масъул идоралар қарамаса ҳам ўзимиз эътиборли бўлсак, олам гулистон. Йўл-йўлакай озода ҳожатхоналар текин хизмат қиладиган бўлибди. Чиқиндиларни машина ёқилғи учун тўхтаганда чиқит идишларга ташласа бўлади. Шу ўринда газ қуйиш шохобчаларидаги саришталик, тартибни айтиб ўтиш жоиз. Масъуллар атрофни чинни-чироқ қилиб тутишади. Дўкондору хизматчилар тозаликни назорат қилади. Йўловчилар эса... суви диш бўшадими, улоқтириш керак. Эрмак маҳсулотлар қоғозию чиқитини гапирмаса ҳам бўлади. Писта пўчоқларини кўриб, нима дейишни ҳам билмайман.

 

Табиат инсоният билан олишиб нафас оляпти. Йўл четида дарахтлар шохига нимадир илиниб қолса ҳам қийғос гуллаган. Биз ташлаган чиқитлар орасидан яшил майсалар бўй кўрсатган... Хуллас, бу олишувда нима бўлмасин биз енгиламиз. Авлодларга неча юз йилдаям чириб кетмайдиган чиқитли далалар, боғлар қолдирмайлик.

 

Ҳозир мамлакатмизда дарахт экиш ҳашарлари чиройли уюштириляпти. Давлатимиз раҳбари бош-қош бўлиб, дарахт экди. Бу акцияларда кўпроқ ёшлар иштирок этяпти.  Бу ташаббуслар ёшлар она табиатнинг қадрига етиши учун, эъзозлаши учун уюштириляпти. Хонадонларда, маҳаллаларда ишлар қизғин. Ҳамма ўз ҳовлисини эъзозлагани каби кўчалар, боғу роғларни ҳам қадрига етса, чиқит ташламаса қандай гўзал.

 

Шу замин ўзимизники, унинг гулу гиёҳи бизга неъмат. Далаларнинг хуш ифори, тоғу қирларнинг кўз тўймайдиган гўзал манзараси тўрт фаслдаям гўзал аслида. Баҳор барибир чиройини ял-ял қилиб келгани учун тез билинади. Бу гўзалликка ўзимиз қора тортмайлик, азиз юртдошим.

 

Манзура ШАМС

custom img

Ўзбекистон аёллар терма жамоаси Жанубий Кореяга йирик ҳисобда мағлуб бўлди

Жаҳон чемпионати йўлланмаси навбатдаги ўйинда ҳал бўлади.

custom img

Кармана ҳокими ўқитувчиларни мажбурий йиғиб, бир соат турғизиб қўйди

Ҳолат юзасидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги муносабат билдирди.

custom img

Наманганда алиментдан қарздор ота нонвойхонадан топилди

Шундан сўнг у тегишли тартибда ушланиб, кейинги процессуал чоралар кўриш учун масъул бўлимга олиб кетилган.

custom img

Хоразмда ота фарзандларига 174 млн алимент тўлади

Шу тариқа эркак 5 йиллик алиментни олдиндан тўлаб берган.

custom img

Жиззахда МИБ орқали банклар фойдасига 196 млрд ундирилди

Шу тариқа 5 510 та ижро ҳужжати бўйича иш якунланган.

custom img

Тошкентда гаровга қўйилган Chery хатланди

Маълум бўлишича, фуқаронинг банкдан 380 млн қарзи бўлган.

custom img

Самарқандда МИБдан яширилган Gentra ёпинчиқ ичидан топилди

Айни пайтда автомобил белгиланган тартибда хатланиб, жарима майдончасига жойлаштирилган.

custom img

Андижонда МИБ орқали фарзанд онасига олиб берилди

Маълум бўлишича, аёлнинг собиқ турмуш ўртоғи болани онасига беришни истамаган.

Шаҳодатнома: №1346 Берилган сана: 28.05.2020

Ғоя муаллифи: Фирдавс Фридунович Абдухаликов

Асосчиси: "Master Media Production and Broadcast"