“Танловга бутун оила бўлиб тайёрландик”
“Ёш китобхон” танловида ғолиб бўлган самарқандлик Наргиза Муҳаммадеванинг онаси билан суҳбат.

Бу сафарги танлов жуда қизғин ўтиши тахмин қилинмоқда. Сабаби йилдан йилга қизиқувчиларнинг кўпайиши улар ўртасида рақобатнинг ошишига сабаб бўлиши аниқ. Танлов иштирокчиларининг айримлари бир неча йилдан бери ўз билимларини синовдан ўтказиб келяпти. Асосий мақсад машина ютиш ёки пул мукофоти эмас, аксинча ўз билимларини мустаҳкамлаш, ота-онасининг ишончини қозониш ва ўзи туғилиб ўсган ҳудуд шарафини муносиб ҳимоя қилиш. Бошловчи бирин-кетин китобхонларни шартлар бўйича иштирок этиш учун саҳнага таклиф этади. Ҳакамлар ва кўплаб томошабинларнинг қаршисида ҳаяжон юқори бўлиши, табиий. Бироқ, самарқандлик Наргиза Муҳаммадеванинг ўзига бўлган ишончи қолганларга нисбатан юқори. Сабаби, Наргиза мазкур "Ёш китобхон" танловида аввал ҳам иштирок этган. Бироқ, ўшанда унга бироз омад етишмаган. Республиканинг турли бурчакларидан келган ёш китобхонлар орасидаги курашда энг билимлиларгина ғолибликни қўлга киритади. Ота-оналарнинг қўллаб-қувватлаши, кучли ҳаяжон, ҳакамларнинг қарорлари ва йиллар давомидаги турли қийинчиликлар: саҳнага таклиф этиладиган ҳар бир ёш китобхоннинг ички кечинмаларини шу таҳлид тасаввур қилиш мумкин. Турли шартлар бўйича ўтган беллашувлар ортда қолиб, якуний натижалар эълон қилинади. Бош соврин болалигидан китобга ўзгача меҳр қўйган, Самарқанд вилояти номини ҳимоя қилган Наргиза Муҳаммадевага насиб этади.
Zamon.uz мухбири Наргизанинг бу ютуққа эришишида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган, қизини доимо қўллаб-қувватлаб келган онаси Зарина Неврузовани суҳбатга тортди.
Китобхон қизнинг онаси бўлиш бахтини тасвирлаб бероласизми?
— Аслида, она бўлишнинг ўзи катта бахт. Бироқ, фарзандингизнинг китобга меҳр қўйиб, унга дўст тутиниб улғаяётганини кўриш ундан ҳам ортиқ бахт. Айни вақтдаги кечинмаларимни тасвирлаш қийин.
Наргизанинг бир куни одатда қандай ўтади?
— Ҳар бир ўқувчи каби эрталаб туриб мактабга боради, ундан кейин қўшимча машғулотларга боради. Уй юмушларига ёрдам бериб бўлганидан кейин, кўпроқ китоб мутолааси билан банд бўлади. Баъзан кечқурун 24:00 гача китоб ўқийди. Биз бўлди кеч бўлди дейишимизга қарамасдан кўп вақтини китоб билан ўтказади.

Сизнингча, бугунги кунда оналар фарзанд тарбиясида нималарни ёддан чиқаришяпти?
— Ўзингизга маълумки, ҳозирда телефон жуда ҳам кўп болаларнинг вақтини ўғирлаётганига гувоҳ бўляпмиз. Шу сабабли бугунги кунда болаларни жиддий назорат қилиш талаб этилади. Уларнинг ким билан дўст тутинганидан, қанақа китоблар ўқиётганидан хабардор бўлиб туриш зарур. Асосий эътиборни фарзандга қаратиш керак. Тўғри кўпчилик ота-онанинг доим ҳам бунга имконияти бўлмаслиги мумкин, бироқ қандай ҳолат бўлишидан қатъи назар биринчи навбатда болага вақт ажратиш керак. Унинг бир куни қандай ўтгани билан қизиқиб, далда бўлиб туриш лозим. Ҳар қандай вазиятда ҳам "мен ёнингдаман, сен билан фахрланаман", - деб бола мақсад сари йўналтирилса, унинг ўзига бўлган ишончи ортади.
Наргизанинг китоб ўқишга қизиқиши қандай бошланган?
— Бу оилавий муҳитдан шаклланган бўлса керак деб ўйлайман. Чунки, ўзим ҳам, турмуш ўртоғим ҳам кўп китоб ўқиб турамиз. Айниқса, турмуш ўртоғимнинг бадиий китоб мутолаасига қизиқиши жуда юқори ва бунга кўпроқ вақт ажратади. Фарзандларимизга кичиклигидан уларнинг ёшига мос китобларни олиб келади, уларни ўқиб беради, бирга таҳлил қилади ва шунингдек, уларга доимий тарзда далда бериб боради. Менимча, қизимга энг асосий мотивацияни турмуш ўртоғим берган.
Қандай қийинчиликларни бошдан ўтказганини ҳаммадан кўра сиз жуда яхши билсангиз керак?
— Китобхон бўлиш учун кўп меҳнат билан бирга сабр талаб этилади. Сабаби, китоб мутолааси учун дастлабки кўникмаларни олиш, муҳитга мослашиш вақт талаб этадиган жараёнлардан бири ҳисобланади. Қизим дастлаб олтинчи синфлигида "Ёш китобхон" танловининг республика босқичига чиққан. Ўшанда маълум бир қийинчиликлар бўлганди. Сабаби, унинг ёш тоифасидаги китоблар кўпроқ ўн тўрт ёшдагилар учун мўлжалланганди. Ўша вақтлари айрим китобларнинг ғоясига тушунмагани учун, дадаси билан биргаликда уни таҳлил қилишарди. Бир хил вақтлари мутолаага жуда ҳам берилиб кетганидан чарчаб, ухлаб қоларди. Бироқ, маълум муддатдан кейин бундай ҳолатларга ҳам кўникиб кетди ва асарларни тўлиқ ўзи тушуниб ўқишни бошлади. Қизим бунгача сабр қилди. Биз эса уни мунтазам қўллаб-қувватлаб турдик. Биламизки, ҳар қандай ишнинг бошида етарлича қийинчиликлардан ўтиш лозим, улар енгиб ўтилсагина мақсад сари қадам босилган бўлади.

Китобхон қизнинг онаси ҳам китобхон бўлиши табиий, менимча?
Бизнинг ўзимиз ҳам кўпроқ китоб ўқиб, фарзандларимизга намуна бўлишга ҳаракат қиламиз. Ота-онаси телефон ўйнаб ёки вақтини бошқа кераксиз нарсалар билан ўтказаётганини кўрган фарзанд аниқки, телефонларга бўлган қизиқиши ортади. Имкон қадар бўш қолган вақтларим китоб ўқишга ҳаракат қиламан. Наргизани танловга тайёргарлик жараёнида бутун оила бўлиб рўйхатдаги китобларни ўқиб чиқдик. Танлов шартларига тайёрланиш учун савол-жавоблар, таҳлиллар орқали барчамиз унинг билимини мустаҳкамлашда ўз ҳиссамизни қўшдик. Наргиза сабабли янада китоб мутолаасига меҳрим ошди.
Қизини ўқимишли бўлишини хоҳламайдиган оналарга нималар деган бўлардингиз?
— Менимча Ўзбекистонда ҳар бир ота-она фарзандини ўқимишли бўлишини хоҳлайди. Китобга меҳр қўйган фарзанд ҳаётда қоқилмайди. Сабаби, ҳаёт қийинчиликларини китоблардан олган билимлари орқали, ақл билан енгиб ўтишга ҳаракат қилади. Чунки, китоблардан жуда кўп ҳаётий мисоллар образлар орқали очиб берилган бўлади. Шуларни таҳлил қилиб, нима қилиш кераклиги ҳақида мулоҳаза юритиб кўради. Шу сабабли ҳар бир болани ўқитиш шарт, айниқса қизларни. Улар келажакда она бўлади, фарзанд тарбиялайди. Келажакда бу миллатни юксалишига хизмат қилади.
Жамшидбек Амиров суҳбатлашди







